Маҳбус 25 йил аввал содир этган жинояти учун қатл этилди

forumdaily.com иллюстрацияси

АҚШнинг Жоржия штатида 52 ёшли маҳбус Рэй Жефферсон Кромарти 25 йил аввал содир этган қотиллиги учун қатл этилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Кромарти сўнгги сўзни айтишни рад этган, бироқ ўлимга олиб келувчи инъекция юборилишидан аввал ибодат қилиб олишига рухсат беришни сўраган.

Маълум бўлишича, 1994 йилнинг апрел ойида Кромарти бир неча кун мобайнида дўконларга ҳужум қилган. Биринчи босқинчилик пайтида сотувчига жароҳат етказган бўлса, иккинчисида бошқа сотувчи аёлни отиб ўлдирган. У кассани очишни билмагани учун пулларни ололмаган ва икки қути пивони олиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Олий жазога маҳкум этилган Кромарти ўтган йиллар давомида айбсиз эканини исботлашга уриниб келган, бироқ АҚШ Олий суди унинг адвокатларининг апелляциясини рад этган.