Президент Трамп қийин савдоларни бошдан кечирмоқда

Фото: Global Look Press

АМЕРИКАликларнинг қарийб ярми президент Доналд Трампнинг импичментини қўллаб-қувватлаган бўлса, 42 фоизи бунга қарши чиқишди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, АҚШ аҳолисининг 68 фоизи Доналд Трампга қарши импичмент иши бўйича эшитувларни диққат билан кузатиб бораяпти. Америкаликларнинг 44 фоизи президентни жавобгарликка тортиш керак, деган фикрда бўлса, 40 фоизи бу ишни ёқламаган. Вакиллар палатасидаги эшитувдан сўнг ҳам аксарият америкаликларнинг эҳтимолий импичмент борасидаги фикрлари ўзгармаган.

АҚШ етакчисининг ўзи мазкур эшитув ҳақида муносабат билдириб, демократларнинг бу ишини «миллат учун шармандалик» деб атади. Президентнинг таъкидлашича, улар республикачиларга ўз фикрларини билдириш ёки бирон-бир савол беришга имкон бермаган.

Ушбу воқеалар ортидан Доналд Трампнинг президент сайлов кампанияси давридаги собиқ маслаҳатчиси, америкалик сиёсий технолог Рожер Стоунни Вашингтон суди унга нисбатан илгари сурилган барча айбловлар бўйича айбдор деб топгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Сайлов жараёни ва ундан кейин мазкур ҳолатлар бўйича ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатмалар бергани учун Стоун узоқ муддатга, аниқроғи 20 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.