Ядро қуролидан даҳшатли хатар

18-24 ноябр кунлари бутун дунёда Антибиотиклардан тўғри фойдаланиш халқаро ҳафталиги бўлиб ўтди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад анитибиотикларга нисбатан чидамлилик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги одамларнинг тасаввурини бойитиш, бу борада етарли билимга эга бўлишларини таъминлашга ҳисса қўшишдир.

Мутахассисларнинг хавотир билдиришларича, яқин вақт ичида антибактериал препаратларга чидамли микроорганизмлар пайдо бўлади. Қайд этиш керак, антибиотикларга чидамлилик биринчи навбатда улардан нотўғри фойдаланиш оқибатида келиб чиқади. Бу борада ҳаммани – қабул қилишни тўғри тавсия этмаган шифокорларни ҳам, ўзи билганча даволаниш учун антибиотиклар қабул қилишни бошлаган беморларни ҳам айблаш мумкин. Бундай ҳолатлар бўлмаслиги ва антибиотиклар билан даволаниш самардорлигини ошириш учун ҳамма амал қилиши лозим бўлган олтита қоида мавжуд.

Асосий далиллар
Антибиотикларга чидамлилик бугунги кунда инсоният ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги учун энг жиддий хатарлардан бири ҳисобланади.
Антибиотикларга чидамлилик исталган ёш, исталган кишига ҳар қандай мамлакатда дахл қилиши мумкин.

Антибиотикларга чидамлилик – табиий жараён бўлсада, инсонлар томонидан антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш бу жараённи тезлаштириб юборади.
Кўплаб инфекцион касалликлар – мисол учун зотилжам, сил ва сўзак каби касалликларни антибиотикларнинг самараси камайиб кетгани учун даволаш қийин бўляпти.

Антибиотикларга чидамлилик туфайли беморлик узоқ давом этиши, тиббиёт харажатлари ва ўлим ҳолатлари ўсиши кузатиляпти.

Антибиотиклар қабул қилаётганда даволаш муддатига қатъий амал қилиш, тайинланган вақтдан илгар қабул қилишни тўхтатмаслик лозим. Мисол учун, дори бир ҳафтага буюрилган бўлса, шунча муддат қабул қилиш зарур. Ҳатто, бемор ўзини яхши ҳис этиб, гўёки касаллик ўтиб кетгандек туюлса-да, антибиотик қабул қилишни буюрилган муддатгача амалга ошириш керак. Муаммо шундаки, даволаш курси тўлиқ олинмаса бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошади ва бу хусусият уларнинг келгуси авлодларига ўтишда давом этади. Антибиотикларга чидамлилик айнан шу йўл билан шаклланади.
Шунингдек, кун мобайнида антибиотиклар қабул қилишдаги оралиқ вақт ҳам йўриқномада кўрсатилгандек бўлиши лозим. Бу тартибнинг бузилиши ҳам юқоридаги ҳолтга олиб келади.

Бундан ташқари, антибиотикларни қабул қилиш шартига ҳам риоя этиш зарур. Агар йўриқномада овқатдан олдин ёки кейин қабул қилиш буюрилган бўлса, унга сўзсиз амал қилиш лозим. Бунинг аксича, ўз билганча даволаниш препаратнинг фойдасини камайтириш билан бирга антибиотикларга чидамлиликни оширади. Шуниси ҳам муҳимки, антибиотикларни фақат шифокор тайинлаши лозим. Ўз билганча антибиотикларни ўз билганча қабул қилиш фойдадан кўра, зарар келтиради.

Айрим ҳолларда антибиотиклар даволанишдан ортиб қолади ва кўпчилик охиригача қабул қилишни маъқул кўради. Бу эса хавфли. Янада аянчлиси, бугунги кунда антибиотикларга чидамлилик хавфи дунё миқёсида ўсиб бормоқда.

Антибиотиклардан тўғри фойдаланиш халқаро ҳафталиги доирасида аҳолининг антибиотиклардан фойдаланиш борасидаги билимларини оширишга ҳаракат қилишга ҳаракат қилинди. Жумладан, бу борада ҳар кимнинг қилиши керак бўлган қуйидаги тавсиялар берилди:

Антибиотикларни фақатгина малакали соғлиқни сақлаш ходимининг тавсияси билан қабул қилиш лозим;

агар тиббиёт ходими даволанишда антибиотикларга эҳтиёж йўқ деб ҳисобласа, ундан антибиотиклар ёзиб беришни талаб қилманг;

антибиотикларни қабул қилишда шифокор кўрсатмасига амал қилинг;
фойдаланишдан ортиб қолган антибиотикларни ҳеч қачон бошқаларга берманг.

Муаммо глобал аҳамиятга молик бўлгани сабабли, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2015 йилда бўлиб ўтган ассамблеясида микробларга чидамли препаратлар, жумладан, антибиотикларга чидамлилик бўйича Глобал режа ишлаб чиқилди. Унда 5 та стратегик вазифа белгилаб берилган бўлиб, улар:

микробларга қарши препаратлар ва улар ҳақида тушунча;
эпидназоратни ва илмий тадқиқотларни кучайтириш;
заҳарланиш миқдорини камайтириш;
микробларга қарши препаратларни оптималлаштириш;
бу йўналиш таъминоти учун барқарор инвестицияни шакллантиришдан иборатдир.

Хуллас, антибиотикларга чидамлилик Ер аҳолиси учун муҳим хавф туғдирадиган таҳдидлардан бири экани, унинг оқибати ядро қуроли натижасида тирикликка етадиган зарардан кам эмаслиги ҳақида бонг урилмоқда. Бу хавф-хатарни бартараф этиш эса, юқорида айтилганидек ўзимизнинг қўлимизда.