Сталиннинг ҳаётини сақлаб қолган жосус

Геворк ва Гоар Вартанянлар. Фото: "El Mundo".

ЎТГАН ойнинг охирида собиқ совет жосуси Гоар Вартанян 93 ёшида оламдан ўтди. Бу аёл ва унинг ҳамкасб эри Геворк ҳақида китоблар ёзилган, филмлар яратилган бўлсада, улар тўғрисида кўпчилик билмайди. Сабаби, эр-хотин жосуслар узоқ йиллардан буён хорижда, одамлар назаридан йироқда яшаб келган. Улар томонидан амалга оширилган энг катта иш сифатида 1943 йилда Теҳрон конференцияси вақтида Сталин, Черчил ва Рузвелтга нисбатан уюштирилган суиқасднинг олди олингани эътироф этилади.

Жосус эр-хотинлар собиқ СССР махфий хизматидаги энг муҳим шахслардан бўлган. Улар кўплаб мамлакатларда, ўта мураккаб шароитларда «Анита» ва «Анри» лақаблари остида собиқ Иттифоқ фойдасига жосуслик қилганлар. Иккаласи ҳам кўплаб хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ва бу омил уларга жосуслик фаолиятида жуда қўл келган.

Эр-хотин Вартанянлар Иосиф Сталин, Уинстон Черчилл ва Франклин Рузвелтга нисбатан Теҳрон конференцияси вақтида амалга оширилиши кўзда тутилган «Узун сакраш» деб номланган суиқасд режасининг олдини олган ва уларнинг бу хизматлари алоҳида эътироф этилган.

Суиқасд ҳақидаги илк хабар немислар томонидан ишғол этилган Украинада фаолият олиб бораётган совет жосуси Николай Кузнецов томонидан етказилади. Вермахт обер-лейтенанти ниқоби остида Гитлерга “хизмат” қилаётган жосус бу ҳақда маст бўлиб қолган немис зобитидан эшитади.

Бу масалага ойдинлик киритиш Геворк ва Гоар Вартанянларга топширилади. Айнан Геворк Берлин ва олти нафар немис десантчиси ўртасидаги радиоалоқани тутишга муваффақ бўлади. Бу гуруҳ Эронга бориб, Гитлерга қарши стратегияси тасдиқланадиган конференцияда иштирокчи давлатларнинг раҳбарларини йўқ қилиши керак эди. Совет жосуслари Берлин ва десантчилар гуруҳи ўртасидаги радиоалоқани эшитиб бориш жараёнида, махфий топшириқни амалга ошириш учун иккинчи махсус гуруҳ тайёрланаётгани ҳақидаги маълумотга ҳам эга бўладилар. Бундан ташқари, иккинчи гуруҳга Муссолини томонидан тутқунликдан озод этилган Отто Скорцени раҳбарлик қилаётгани аниқланади. Қандай бўлмасин, уни қўлга олиш шарт эди. Бироқ, давлат раҳбарлари Теҳронга етиб келишган, таваккалга йўл қўйиб бўлмасди. Шу боисдан, совет жосуслари таваккл қилмасликка қарор қилиб, немис телеграфистининг режа барбод бўлгани ҳақида хабар қилишига қўйиб берадилар.

«Гуруҳимиз бир неча кишидан иборат бўлиб, энг каттамиз эндигина 18 ёшга тўлганди. Шу боисдан бизни «енгил кавалерия», деб аташарди. Биз Эрон пойтахтини ҳар куни 17-18 соатлаб велосипедда кезиб, Абвернинг агентларини аниқлардик. Ушбу операция давомида биз жами бўлиб 400 нафар немис жосусини фош этдик. Бунинг учун Москвадан алоҳида ташаккур эшитдик», — дея ўша пайтдаги воқеаларни хотирлаган Гоар Вартанян 2015 йилда берган интервюсида. Унинг айтишича, 2007 йилда Черчилнинг невараси Селия Сандис Москвага келиб бобосининг ҳаётини сақлаб қолгани учун унга миннатдорлик билдирган.

Бир пайтлар ўта махфий сақланган Гоар Вартаняннинг биографияси энди кўпчиликка таниш. У 1926 йил 25 январда Арманистоннинг Ленинакан шаҳрида туғилган. Ўн олти ёшида Геворк Вартаняннинг фашистларга қарши гуруҳига аъзо бўлган. 1930 йилларда Эронга келган. Кейин СССРга қайтиб, Ереван чет тиллар институтини битирган.

1986 йилда, хорижий давлатлардаги 30 йиллик жосуслик фаолиятларидан сўнг эр-хотин Москвага қайтиб келади. Улар исм-фамилияларини ўзгартирган, уч марта ажрашиб, уч марта турмуш қурган бўлсаларда, доим бирга бўлганлар, олтмиш йилдан ортиқ бирга яшашган. Турмуш ўртоғи Геворк Вартанян 2012 йилда оламдан ўтган.

Айтишларича, Гоар Вартанян жосуслик фаолияти ҳақида деярли гапирмаган. Ҳатто, Россия президенти Владимир Путин у билан учрашув чоғида қайси давлатларда бўлгансиз, деб сўраганида кекса жосус қисқагина қилиб: «Кўп давлатларда», – деб жавоб берган…