15 миллион долларлик картина можароси

Рембрандт Харменс ван Рейн қаламига мансуб асар

ИНТЕРНЕТ тармоғида шу кунларда тошкентлик А.Плужниковнинг видеомурожаати пайдо бўлди. Мурожаатда у прокуратура, суд қарорларидан норози эканини, жабрланувчи сифатида эътироф этилмаганидан шикоят қилган. Унинг фикрича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишни бир ёқлама кўриб чиқишган.

Хўш, А.Плужников нимадан норози? Нега у ўзини жабрдийда сифатида кўрсатиб, оламга жар солмоқда? Видеомурожаат бўйича туғилган шу каби саволларга Бош прокуратура томонидан жавоб берилди.
Маълум бўлишича, ишга дахлдор воқеа 10 йиллар илгари юз берган. Яъни, 2008 йилда фуқаро К.Юлдошев 50 000 АҚШ доллари эвазига А.Плужниковдан нолланд мусаввири Рембрандт Харменс ван Рейн (1606-1669) қаламига мансуб картинани сотиб олган.

К.Юлдашев мазкур санъат асари халқаро аукционларда 15 млн доллардан кам турмаслигини билгач, уни сотиш ҳаракатига тушади. Бунинг учун асарни яширин тарзда чет элга олиб чиқиш лозим эди. Унга бу ишда таниши, АҚШ фуқароси Р.Фузайлов ёрдам беради. У асарни божхона қоидаларини бузган ҳолда Тел-Авив (Исроил) шаҳрига олиб кетишга муваффақ бўлади.
Кейин нима бўлгани номаълум. К.Юлдашев ҳолланд мусаввирининг асарини сотишни эплай олмаган шекилли, 2018 йилнинг июн ойида уни яширин тарзда мамлакатимиз ҳудудига олиб киради.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой судининг 2018 йил 21 ноябрдаги ҳукми билан К.Юлдашев Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилади ва қилмишига яраша жазога тортилади.
Суд ҳукми билан Рембрандт Харменс ван Рейн қаламига мансуб асар жиноят ашёси деб топилади ва Маданият вазирлиги ихтиёрига ўтказилади.

Шу билан адолат қарор топди. Бироқ, миллионлаб долларга эга бўлиш иштиёқи А.Плужниковнинг хаёлини ўғирлади. У ва унинг адвокатлари асарни қўлга киритиш учун ҳаракатга тушиб қолдилар. Чиқмаган жондан умид-да, ахир ишлари ўхшаб қолса, бир зумда миллионерга айланишади! Шу сабабли, А.Плужников суд ҳукмидан норози бўлиб қўлига қалам олади. Лекин унинг аризаси бўлиб ўтган барча суд инстанцияларида қаноатлантирилмасдан қолдирилади. “Жабрланувчи” “дарди”ни ёриб Бош прокуратурага шикоят ёзади ва ўзи учун қувончли бўлмаган жавоб хатини олади.
Осонликча ён беришни истамаган А.Плужников интернет тармоғи орқали видеомурожаат билан чиқади. Афсуски, бундан ҳам ўйлаган ниятига етолмади…