Жорий йилнинг 10 ойида Туркия 500 млн долларлик макарон маҳсулотлари экспорт қилди

Фото: cdn11.quizy.smcloud.net

БУГУНГИ кунда Туркия дунёнинг 150 та мамлакатига макарон маҳсулотлари экспорт қилмоқда. Қайд этилишича, жорий йилнинг январ-октябр ойлари оралиғида баҳоси 500 млн. долларга тенг бўлган 1,07 млн. тонна макарон маҳсулотлари хорижлик харидорларга етказиб берилган.

Туркия макарон ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раҳбари Абдулқодир Қулочўғлининг таъкидлашича, мамлакатда макарон маҳсулотлари тармоғи ҳам технологик, ҳам иқтисодий жиҳатдан кун сайин ўсиб боряпти. Мамлакат бу турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича дунёда Италиядан сўнг иккинчи ўринда туриши ҳам соҳа нечоғи тараққий этганидан далолат беради.

«Европа Иттифоқи бозорига ҳозирда Туркия бир йилда 20 минг тонна макарон маҳсулотлари экспорт қилиши мумкин. Чунки, белгиланган квота шу миқдорни ташкил этади. Бу ҳажмдаги маҳсулот эса саноқли ойларда етказиб берилмоқда. Аслида Европа бозорининг салоҳияти жуда юқори. Туркия музокаралар олиб бориш йўли билан 20 минг тонналик квотани 40-50 минг тоннага чиқариши мумкин. Бизда бунинг имконияти бор.

Бу борада Япония билан эркин савдо келишувига эришилганини ҳам эътиборга олиш лозим. Япония Европа Иттифоқи давлатлари билан шундай келишувга эришди. Туркия эса музокараларни давом эттиряпти. Агар биз яқин вақт ичида Япония билан келишувга эришсак, йирик бозорлардан яна бирига чиқиш имконига эга бўламиз», – дейди Абдулқодир Қулочўғли.