Қирғизистонлик депутат мамлакат паспорти Россияда очиқчасига сотилаётганига гувоҳ бўлганини айтди

А. Қосималиева. Фото: kabar.kg

МАМЛАКАТ Юқори Кенгашида депутатлар томонидан кўриб чиқилган «Қирғизистон Республикасининг «Ташқи миграция тўғрисида»ги қонуни учинчи ўқишда ҳам баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Муҳокамада иштирок этган депутатлардан бир қанчаси мамлакат паспортини бериш борасида қонунбузарликлар кузатилаётганини таъкидладилар. Хусусан, депутат А. Қосималиева бу ҳақда тўхталиб:

«Санкт-Петербург шаҳрига хизмат сафари билан борганимда, Қирғизистон паспорти Ўзбекистон фуқаросига очиқчасига сотилганига гувоҳ бўлдим. Бунда паспорт берилишида бирон-бир қонунбузарликлар аниқланмади ва маълумотлар базасида ҳужжатнинг ҳақиқий эканлиги тасдиқланди. Паспортнинг шахсий идентификация рақамлари ҳам, берилган жойи ҳам тўғри келди. Нимагадир ҳужжатларнинг асосий қисми Сузак туманидан берилган», – деди.

Фуқароликни қайд этиш хизмати бошлиғининг айтишича, 1994-2015 йиллар мобайнида 3 млн. паспорт берилган бўлса, улардан 117 мингтаси йўқолган деб эътироф этилган.