Америка эртак ва афсоналари ўзбек тилида чоп этилди

ТОШКЕНТдаги АҚШ элчихонаси ўзбекистонлик ҳамкорлари билан “Америка эртак ва афсоналари” китобини ўзбек тилида чоп эттирди. Рангли расмлар билан безатилган ушбу китобга ҳайвонлар, қушлар, арвоҳлар ва кўплаб бошқа қизиқарли персонажлар ҳақидаги 60 дан ортиқ кичик ҳикоялар киритилган бўлиб, улар www.americanfolklore.net сайтидан олинган. Китоб Тошкентдаги “Baktria Press” нашриётида босилди.

Ўзбекистонда китоб ўқиш маданиятини, хусусан, ёшлар орасида, оммалаштириш бўйича қатор саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Кўп кишилар Эрнест Ҳемингуэй, Теодор Драйзер, Марк Твен каби америкалик классиклар ва уларнинг асарлари билан таниш бўлса-да, ёш китобхонлар Америка адабиётидан унчалик хабардор эмас. Ушбу китобни бевосита инглиз тилидан таржима қилган ҳолда чоп эттириш орқали АҚШ элчихонаси ёш ўқувчилар учун мўлжалланган китоблар нашрини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишдан мамнундир. “Америка эртак ва афсоналари” Ўзбекистондаги кутубхоналар ва мактабларга тарқатилади.

Китобни Тошкентдаги Америка маркази ва Миллий кутубхонада жойлашган “АҚШга дарича” хонасидан ҳам топиш мумкин. Элчи Даниэл Розенблюм ва америкалик инглиз тили ўқитувчилари бу китобни талаба ва ўқувчилар даврасида ўқиб, китоб, адабиёт ва мутолаанинг аҳамияти хусусида суҳбатлашади. Ушбу китоб АҚШ элчихонаси аввалроқ ўзбек тилида нашр эттирган “Америка ҳикоялари”, Ўзбекистоннинг икки ривояти” ва “Раққоса Айиқхоним” китоблари қаторига қўшилди.