Афғонистон шимолида ИШИДга қарши амалиёт бошланди

АФҒОНИСТОНнинг биринчи вице-президенти генерал Абдул Рашид Дўстум мамлакат шимолидаги террорчи гуруҳларга қарши кенг кўламли амалиёт бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг “TOLOnews” телеканали хабар берди.

Генерал ушбу баёнотни Шибарган шаҳрида, шимолий вилоятлардан бири бўлган Жузжоннинг административ марказида берган. Маҳаллий ҳокимият вакилларининг айтишича, ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳлар фаолияти Фароб, Сари-Пул, Жузжон, Балх ва Саманган вилоятларида жонланиб қолган.

«Бизга ИШИД базаси мавжудлиги хусусида маълумотлар тақдим этилди. Бироқ сизларни ишонтириб айтаманки, Афғонистон қуролли кучлари ИШИД ёки „Ал-Қоида“га алоқадор ҳар қандай таянч нуқталарни йўқ қилади», — деган Дўстум.

Мамлакат ОАВ ёзишича, Фароб — Жузжон ва Жузжон — Балх автомобил йўлларида террорчилар томонидан тез-тез ҳужумлар уюштириб турилади ва жангарилар йўловчиларни гаровга олиб, кейин уларни озод этиш эвазига пул талаб қиладилар.

2 декабр куни АҚШ армиясининг қўмондони Скотт Миллер ва Афғонистон вице-президенти Абдул Рашид Дўстум ҳамда Миллий мудофаа департаменти раҳбари Асадулла Холид билан учрашган. Мулоқотда ҳарбий амалиёт режаси ва кучларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама этилган.

Мазкур учрашувдан аввалроқ, Дўстум АҚШ ҳукумати ва НАТО раҳбариятига Афғонистон шимолидаги толибларни тор-мор этиш режасини тақдим этиб, бунга олти ой вақт кетишини маълум қилган эди.