Сувни ифлослантириш нега кўпайди?

Ўтмишда ривожланаётган давлатларда дарё сувлари уларга асосан оқава сувларнинг оқизилиши ҳисобига ифлосланган. Бугунга келиб бу масала янада мураккаблашди. Энди табиий сув ҳавзалари нафақат оқава сувлардан, балки ишлаб чиқариш жараёнида пайдо бўладиган зарарли чиқиндилардан, қишлоқ хўжалигида қўлланилиш ҳажми ортиб бораётган пестицидлардан кўпроқ “жабр” кўрмоқда.

Сувнинг сифати ҳар қандай ҳолатдаги: қаттиқ, газ шаклидаги ва суюқ ифлослантирувчилар ҳисобидан бузилиб бораяпти. Булар орасида қаттиқ ва суюқ ҳолатдаги чиқиндилар кўпроқ зарар етказаяпти. Қаттиқ чиқиндилар ёмғир таъсирида эриб сизот сувларга ўтаяпти, сизот сувлар орқали эса дарё ва бошқа сув ҳавзаларини ифлослантираяпти.

Суюқ чиқиндилар эса сувга янада тез тушади. Анча хавфсиз ва ташқи таъсирлардан ҳимояланган деб ҳисобланувчи тоза ичимлик суви манбаи бўлган ер ости сувларининг ифлосланиб бораётгани жуда ташвишлидир. Инсоният ер ости сувларидан фойдаланиш баробарида уни ифлослантираётгани ҳам айни ҳақиқат. Мисол учун, геометермал станцияларда ишлатилган сувлар ниҳоятда минераллашгани сабабли улардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш яроқсиздир. Бу муаммодан қутулиш учун бундай сувлар яна ер остига юборилади.

Кейинги пайтда мустақил сув таъминотига эга бўлган хусусий уй-жойлар қуриш кўлами кенгайган. Бу уйларда сув масаласи бурғу қудуқларидан олинадиган оби-ҳаёт ҳисобидан ҳал этилади. Бироқ, қудуқлардан фойдаланишда аҳоли белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаяпти ва бу ҳолатлар ер ости сувларининг ифлосланишини кучайтираяпти.

Кимёвий бирикма ва элементлардан иборат бўлган кўплаб микроб турлари мавжуд бўлиб, сувлар асосан уларнинг ҳисобига зарарланади. Бундай сувларни истеъмол қилиш сайёрамиз аҳолисининг соғлигига ўта салбий таъсир кўрсатади. Бундан кўпроқ ривожланаётган мамлакатлар аҳолиси зарар кўрмоқда.

Статистикага кўра ривожланаётган давлатларда аҳолининг касалликларга чалинишининг 80 фоизи ва шу туфайли вафот этишнинг 30 фоизи айнан ифлос сув истеъмол қилиш туфайли юз бераяпти.

Хўш, бунча муаммо қандай пайдо бўлаяпти?

Қайд этиш керакки, барча салбий ҳолатларнинг сабаби сув таркибига қўшилиб кетган зарарли кимёвий моддалар туфайлидир. Оғир касалликлар асосан узоқ муддат давомида зарарланган сув истеъмол қилиш натижасида пайдо бўлади.

Ташвишли томони шундаки, бугунги кунда айрим давлатларнинг аҳолиси тоза ичимлик сув муаммосидан қийналаётган, ифлос сувдан истеъмол қилишга мажбур бўлаётган бўлса, келажакда барча давлатлар, охир-оқибат бутун Ер шари шу муаммо гирдобида қолиши мумкин.