Юқумли касалликлар афғон болалари ҳаётига хавф солмоқда

Фото: twitter.com/TOLOnews

ЯПОНИЯ афғонистонлик болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 7 млн. доллар ажратди. Бу ҳақда кунчиқар юртнинг мамлакатдаги элчиси Мицузи Сузука маълум қилди.

Элчининг айтишича, ажратилган маблағ 1,4 млн. нафар болаларни полиомиелитга ва 2,8 млн. нафар аёлларни қоқшолга қарши эмлаш учун сарфланади. Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, полиомиелитга чалиниш ҳолатлари асосан Қандаҳор ва Урузган вилоятларида кузатиляпти. Доимий хавф мавжудлиги эса шифокорларнинг мазкур ҳудудларига боришига имкон бермаяпти.

ЮНИСЕФнинг Афғонистон бўйича вакили Абубакар Кампонинг таъкидлашича, ташкилот ходимлари 4 млн. нафардан ортиқ болалар ва аёлларни юқумли касалликларга қарши эмлаган, бироқ мамлакатда юқумли касалликлар устидан тўлиқ ғалаба қозониш учун муайян вақт керак бўлади.