Электр ҳисоблагичлар бўйича янги қарор қабул қилади

Фото: uzdaily.uz

ВАЗИРЛАР Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартиби соддалаштирилади ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари кўрилади. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қайд этилишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчиларга ўрнатилган электр ҳисоблагичларни метрология хизматлари қиёсловидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгиланади ва қиёслов бўйича барча харажатларни электр таъминоти ташкилотлари ўз маблағлари ҳисобига қоплайди.

“Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш Дирекцияси” масъулияти чекланган жамият “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг филиалига айлантириш йўли билан қайта ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 2020 йил 1 июнга қадар электр таъминоти корхоналарида янги биллинг тизимини ҳамда ресурсларни бошқариш, ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими (ЕRP)ни жорий этиш бўйича ўрнатилган тартибда танловни якунлаб, пудратчи билан шартнома тузилишини таъминлайди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ фаолиятини ташкил этиш учун уларнинг таркибидаги ташкилотлар томонидан ажратилаётган ажратмалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Энергетика вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш босқичларини ва қурилиш муддатларини камида 15 кунга камайтириш бўйича янги тартибни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бунда қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича табақаланган муддатларни белгилаш, ўз вақтида қурилиш-монтаж ишларини бажармаган ташкилотларнинг мажбуриятларини аниқлаш ва қурилиш учун зарур бўлган электр қурилмалар ва материалларнинг нархлари бўйича он-лайн платформани яратиш назарда тутилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича низомга кўра, электр энергиясини ҳисоблаш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги ҳисобга олиш асбобидан фойдаланилиши шарт.

Давлат дастурлари асосида янгидан қурилаётган уй-жойларда фақат электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими учун тасдиқланган техник талабларга мос келадиган электр ҳисоблагичлар ўрнатилиши шарт.

Истеъмолчи ўз ҳисоблаш асбобини метрология хизматларида мустақил қиёслов ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда электр таъминоти корхонаси истеъмолчининг талабига кўра электр энергиясини ҳисобга олиш асбобини бепул ечиш, ўрнатиш, пломбалаш ва рўйхатдан ўтказишга мажбур.

Ҳисобга олиш ускунаси истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига ҳисобга олиш асбоби вақтинча ўрнатилади.

Ҳисобга олиш асбобини ечиб олишда ваколатли ходим истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш асбоби ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини текшириб, ҳисобга олиш асбоби ечиб олинганлиги ҳақида уч нусхада далолатнома тузади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси электр таъминоти корхонасида ҳамда учинчи нусхаси метрология хизмати органига тақдим этилади.