Автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганларга жавобгарлик белгиланяпти

Фото: e-cis.info

ОЛИЙ Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик коммуникацияси тармоқларини қуриш-таъмирлашда шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш бўйича ишларни назорат этишда муҳим омил бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш органлари ваколатларини белгиловчи алоҳида янги 2684-модда киритиш таклиф этилмоқда. Яъни, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш ва йўл-қурилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Фракция аъзолари мазкур қонун билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг ваколатлари аниқ белгиланганини алоҳида эътироф этдилар.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.