Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этишга рухсат берилади

Фото: digital.report

ОЛИЙ Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа билан амалдаги бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмода. Жумладан, “Нотариат тўғрисида”ги қонунда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш асослари ҳамда улар фаолиятини лицензиялаш тартиби белгиланмоқда.

Адлия вазирлигига муайян ҳудуддаги нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилаш ваколати берилмоқда. Эндиликда, республикамизда фаолият юритадиган нотариусларнинг максимал сони чегараланмайди.
Нотариусларни бирлаштирувчи ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона тузилма сифатида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Ҳудудий адлия органлари ҳузуридаги малака комиссияларининг стажировкадан ўтган шахслардан имтиҳон олиш ваколати тугатилиб, уларга нотариус лицензияси амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш вазифаси юклатилмоқда.
Нотариусларга медиатор вазифасини бажариш, далилларни таъминлаш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтини тасдиқлаш, ҳужжатнинг электрон шакли унинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эгалигини тасдиқлаш каби ваколатлар берилмоқда.

Банк ва бошқа кредит ташкилотларига мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечиш имкони берилмоқда. Бу ўзгартириш жисмоний ва юридик шахсларга кредит ажратиш билан боғлиқ бюрократик тўсиқларга барҳам беради.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексидан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни бошқа шахсга ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсатини олиш, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонундан эса, васийликдаги шахснинг мол-мулкини ижарага беришда васийлик ҳамда ҳомийлик органларининг рухсатини олиш талаблари чиқариб ташланмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”, “Ипотека тўғрисида”, “Лизинг тўғрисида”ги қонунларга бирламчи бозордан олинадиган кўчмас мулк ва транспорт воситалари ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талабини бекор қилиш билан боғлиқ ўзгартириш киритилмоқда.

Ишчи гуруҳ йиғилишларида парламент қуйи палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини янада пишитиб, маромига етказилмоқда.
Лойиҳа яқин кунларда парламент Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун киритилиши мўлжалланмоқда.