Хитойдан келтирилган мандаринлар соғлик учун хавфлими?

Фото: napolike.it

МАНДАРИНЛАР мавсуми бошланди. Айримлар мазкур тропик мевани бир кунда 4 донадан ортиқ истеъмол қилмасликни, Хитойдан келтирилганларини эса умуман емаслик ҳақида гапиришади. Бу қанчалик тўғри?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мандаринлардан туғиладиган энг катта эҳтимолий хавф аллергия келиб чиқишига сабаб бўлишидир. Шу боисдан, уни кўп истеъмол қилмаслик, айниқса, ошқозон-ичак фаолиятида муаммоси борлар бунга қатъий амал қилишлари лозим. Бир кунда тўрт донадан ортиқ истеъмол қилмаслик ҳақидаги гаплар илмий асосга эга эмас. Меъёрни ҳар ким ўз ҳолатидан келиб чиқиб белгилаши мумкин.

Хитойдан келтирилган мандаринлар ҳақидаги юқоридаги хулоса, ушбу мамлакатда тупроққа ҳаддан ортиқ кўп даражада минерал ўғитлар солиш билан боғлиқ гап-сўзлардан келиб чиққан. Бироқ бу борадаги хавотир ҳам тахминийдир. Хориждан келтирилган барча турдаги озиқ-овқатлар, жумладан мева-сабзавотлар ҳам тегишли тартибда санитар текширувидан ўтказилади. Талабга жавоб бермайдиган, соғлиққа хавф солиши мумкин бўлган маҳсулотларни сотишга рухсат берилмайди.