Саккиз йилда синган диктатор

Иди Амин. Фото: allthatsinteresting.com

БУ одам ҳатто ўтмишдаги Африка диктаторларини ҳайрон қолдириши мумкин. У етти марта (охирги хотинига ўлимидан бироз аввал – касалхонада уйланган) хотин олган. Рафиқаларидан бири билан тўрт ойгина яшаб ажрашган ва танасини майдалаб машина юкхонасига яшириб қўйган. Бошқа хотинидан эса автомобиль ҳалокати уюштириб, қутулмоқчи бўлган, бироқ аёл ҳалокатдан омон қолиб, мамлакатдан қочиб кетган. Барча хотинларидан қирқ нафар фарзанд кўрган.

У Британия орден, медалларини тақиб юриш учун атайин мундирини узайтирган. Шуниси қизиқки, у бирон марта Британия ҳукумати томонидан мукофотланмаган ва медалларни коллекция тўпловчилардан яширин тарзда сотиб олган. У ўзи учун «Ердаги барча ҳайвонлар ва денгиздаги барча балиқларнинг ҳукмдори» деган унвон ўйлаб топган. Ўзи ихлос қўйган Адолф Гитлер шарафига ҳайкал ҳам ўрнатмоқчи бўлади, лекин Совет Иттифоқининг ғазабига учрашдан чўчиган.

Даҳшатлиси, у рақибларини ўлдириб, гўштини еган. Тахтдан ағдарилгандан сўнг унинг қароргоҳидаги музлаткичларда сақланаётган одам гўштлари топилган. Ҳар бир одам баҳайбат электр плиталарда бутунича қовурилиб, одамхўр президентнинг столига тортилган.
Африкадаги Уганда давлатининг диктатор президенти Иди Амин мамлакатни саккиз йилдан сал кўпроқ вақт давомида бошқарган. Тахтга эгалик қилган шу қисқа давр мобайнида 500 минг одамни қатл этишга улгурган. У ҳақда ҳозиргача китоблар ёзилмоқда, филмлар суратга олиняпти.

Иди Амин 1925 йил 17 майда туғилган. Англия мустамлакачилар армиясида хизмат қилган, Кения ва Сомали давлатларида инглизларга қарши халқ исёнларини бостиришда иштирок этган, лейтенант унвонига эга бўлган. Уганда мустақил давлат деб эълон қилингач, карерасини давом эттириб, мамлакат армиясининг қўмондонига айланган. Ўқиш ва ёзишни 35 ёшида ўрганган. Армия омборларидан эшелон-эшелон нарсалар ўғирлаган. Қилмишлари фош бўлишидан қўрқиб, 1971 йилда мамлакат президенти Милтон Оботни тахтдан ағдарган. Иди Амин ҳокимиятни қўлга киритгач, мамлакатдан барча осиёликлар (ҳиндлар, покистонликлар ва хитойликлар)ни чиқариб юбориб, мол-мулкларини мусодара қилган. Бу билан Уганда минглаб дўкон ва ресторанлар ёпилган.

Амин ўзини ўзи фелдмаршал унвони билан мукофотлаб, мамлакатнинг умрбод президенти деб эълон қилган. Армия зобитларининг садоқатига шубҳа қилиб уларнинг барчаси — 10 000 нафардан ортиқ инсонни ўлдиртирган. Аскарлар қабр қазишга улгуролмаган ва шу сабабли жасадлар қўриқхонадаги тимсоҳларга берилган.

Унинг буйруғи билан штаб қўмондони Сулаймон Ҳусейннинг боши музлаткичда сақланган ва шўрва тайёрлашда ишлатилган. Таомнинг мазаси ёқмагани учун, ошпазни қайнаб турган қозонга ташлаттирган. Минглаб одамларни ўлдиришни оддий ҳолга айлантирган Амин кутилмаганда ўз “хатоси”ни англаб етади: текинга ўлдириш керак эмас. Шу боисдан Давлат тергов бюроси томонидан қатл этилган фуқароларнинг оила-аъзолари, яқинларидан жасадни олиб кетишлари учун долларда нақд кўринишда пул талаб қилинади. Кимники бунга имкони бўлмаса, яқинининг танаси тимсоҳларга улоқтирилган.

Ажабланарлиси, аввалига Ғарб давлатлари ва Исроил Аминни молиявий жиҳатдан қўллаб туради, кейин эса пул беришни бас қиладилар. Аминни ақлига қаранг, бир ҳийла билан советларни чув туширади. У Лениндан илҳомланишини таъкидлаб, социализм қуришга киришганини эълон қилади. Леонид Брежневнинг одамлари эса ёш социалистик давлатга дарров ёрдам қўлини чўзиб, уни пул, қурол-аслаҳа билан таъминлашни бошлайди.
Амин Угандани бошқарган йилларда ҳукумат таркибидаги 15 нафар вазир, барча профессорлар ва ҳатто оддий ўқитувчилар мамлакатдан қочиб кетади. Бирон соҳага алоқадор мутахассис қолмайди. Армияга эса ЯИМнинг 65 фоизи сарфланади – Амин яна давлат тўнтариши бўлмаслиги учун шундай қиларди. Пойтахт Кампала кўчалари бўйлаб сохта президент кортежи ҳаракатланар, лимузиннинг ичида диктаторнинг қиёфадоши бўларди.

1978 йилда у армиясини социалистик мамлакатлардан бири бўлган – Танзанияни забт этишга йўллайди. Аминнинг ҳаракатларидан тоқати тоқ бўлган СССР унга ёрдам беришни тўхтатади. Армия эса хароб аҳволга тушиб қолган, биронта малакали мутахассис, ҳатто ракета ёки гранатамётни отишни биладиган аскар йўқ эди. Натижада, 1979 йилнинг апрел ойида танзаниялик ҳарбийлар маҳаллий исёнчилар билан бирга Кампалани эгалладилар, Иди Амин эса мамлакатдан қочиб, аввал Ливияга, кейин эса Саудия Арабистонига қиролнинг меҳмони сифатида боради.

У ўзи билан Уганданинг барча хазинаси — бриллиантлар, валюталар, олтинларни олиб кетган. Иди Амин мамлакатига қайтиб, бир неча марта ҳокимиятни эгаллашга аҳд қилган бўлсада, бироқ бунга ҳадди сиғмаган.
Африканинг шафқатсиз диктатори умрининг сўнгги йилларида ҳаёти хаф остида қолишидан чўчиб, кўп сонли қўриқчиларига беҳисоб пул сарфлайди. У Уганда раҳбари бўлиб ишлаган йилларда ўз қўли билан 2 мингдан ортиқ одамни ўлдирган. Амин 2003 йил 16 августда 75 ёшида Саудия Арабистонида, касалхонада вафот этган ва Жиддада дафн этилган.