“Ўзбекистон-Жазоир Дўстлик жамияти” тузилди

2018 йил 9 январь куни “Ўзбекистон-Жазоир дўстлик жамияти” нодавлат уюшмаси таъсисчиларининг йиғилиши ўтказилди. Унда янги жамият ташкил этилгани эълон қилинди, уюшманинг устави ва раҳбар ҳамда аъзолари таркиби тасдиқланди.

Тадбирда Жазоирнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насир Бушерит жаноблари табрик нутқида давлатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида элчихона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон-Жазоир дўстлик жамиятини тузиш ташаббуси билан чиққани ва бу лойиҳа илиқ кутиб олинганини таъкидлади. 

Элчининг сўзларига кўра, 2015 йилда ҳам ташаббускор гуруҳ ҳукуматга шундай таклиф билан чиққан, аммо объектив ва субъектив сабабларга кўра, лойиҳа амалга ошмай қолган.

“Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги дўстона алоқалар янада ривожланиб, ҳар бир соҳада мустаҳкам ҳамкор даражасига кўтарилади, бизнинг юртимизда ҳам яқин келажакда Жазоир-Ўзбекистон дўстлик жамияти тузилишига ўз ҳиссамни қўшаман”, — деди Насир Бушерит.

Тадбирда таъсис йиғилиши иштирокчилари эътироф этганидек, тузилиши Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган  уюшма икки томонлама алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади. Ўтган асрнинг 60-80 йилларида Жазоирда меҳнат қилган бир гуруҳ ўзбекистонликлар мазкур мамлакат ва у ерда ўтказган дамлари борасида ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Жазоирни ва шу юртда ўтказган дамларини соғинишларини айтишди.  

Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 30 июнида ўрнатилган. Жазоир Африка мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар бўйича алоқалар кенг йўлга қўйилган. Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар ҳар доим ўзаро ҳурмат ва қардошлик, дўстлик, ҳамкорлик торлари билан боғланган.  

Маданий-гуманитар соҳа, шубҳасиз, алмашувлар мунтазамлик ва изчиллик касб этган жабҳа ҳисобланади. Ўзбекистон Жазоирда ташкил этилаётган кўплаб маданий тадбирларда иштирок этмоқда. Ўз навбатида, Жазоир ҳам Ўзбекистонда ташкил этилаётган тадбирлар, жумладан, Самарқанддаги “Шарқ тароналари” фестивалида қатнашиб келмоқда. Жазоир халқ мусиқаси ижодий жамоалари 2003, 2015 ва 2017 йилларда мазкур фестивалда иштирок этган. 2018 йил август ойида Шаҳрисабзда халқаро мақом фестивали бўлиб ўтди. Унда Жазоирнинг андалуз (анъанавий мусиқа жанри) мусиқа  гуруҳи ҳам ўз чиқишини намойиш этди.

Янги ташкил этилган дўстлик жамияти ҳам Маданий алоқалар ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги алмашувни янада кучайтириш ишига хизмат қилади. 

А.САЙБНАЗАРОВ