Олов домидаги Австралияда 1 миллиардан ортиқ жонивор нобуд бўлди

Фото: cdn.cnn.com

ЯШИЛ қитъада бир неча ойдан буён давом этаётган ўрмон ёнғинлари оқибатида 1 млрд дан ортиқ жониворлар ҳалок бўлгани ҳақида Сидней университети мутахассислари маълум қилдилар. Университет матбуот хизмати томонидан эълон қилинган бу ҳақдаги ҳужжатда ушбу масалани ўрганаётган профессор Крис Дикман кучли ёнғинлар кузатилаётган биргина Янги Жанубий Уэлс штатида 480 млн дан 800 млн гача жониворлар нобуд бўлганини таъкидлагани қайд этилган.

Аслида бу рақамлар ундан кўпроқ бўлиши мумкин. Хусусан, Жаҳон ёввойи табиати жамғармасининг Австралия бўлими ҳалок бўлган ҳайвонлар сони 1,25 млрд дан кам эмаслигини, улар орасида ноёб турлар борлигини ҳам таъкидламоқда. Экспертлар, аниқ рақамларга фақатгина ёнғинлар буткул бартараф этилганидан сўнг эга бўлиш мумкинлигини айтяптилар.

Шуни ҳам қайд этиш керак, Австралиядаги ўрмон ёнғинларининг тутуни Жанубий Америкагача етиб борди. Бу ҳақда хабар берган Чили Метеорология хизмати Австралиядаги ўрмон ёнғинларининг тутуни Чили, Аргентина ва Бразилия аҳолисини заҳарлаётганини таъкидлаган.

Аслида қитъа-давлат учун ўрмон ёнғинлари янгилик эмас. Бироқ, мутахассислар 2019/20 мавсуми барча рекордларни янгилашини, у мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли ёнғинлар бўлишини таъкидламоқдалар. Ҳозиргача тилсиз ёв 25 кишини ҳаётдан олиб кетди, 3000 дан ортиқ иншоотлар куйиб кул бўлди, бутун мамлакат бўйлаб 8,4 млн гектар ўрмон олов домида қолмоқда.

Мамлакат пойтахти Канберрада ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан 26 марта ошиб кетган. Шу туфайли болалар боғчалари ва давлат муассасалари фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Шунингдек, фавқулодда ҳолат туфайли ташкилотчилар 20 январда Мелбурн шаҳрида очилиши кутилаётган теннис бўйича Австралия очиқ чемпионати ўйинлари ёпиқ кортларда ўтказилишини ҳақида хабар беришди.

Асосий ҳалокат ҳудуди Австралиянинг шарқи ва жанубий-шарқи бўлиб, Янги Жанубий Уэлс, Жанубий Австралия ва Виктория штатлари ҳукуматлари аҳолига мурожаат қилиб, хавфли ҳудудларни тарк этишни сўраган. Шунинг билан бирга, ёнғин кузатилаётган ҳудудларга сайёҳларнинг кириши тақиқлаб қўйилди.

Ҳукуматнинг фикрича, табиий офатнинг асосий сабабчиси узоқ пайтдан буён бунақа даражада қайд этилмаган ўтган йили қитъада кузатилган қурғоқчиликдир. Ёнғинларнинг аксарияти ўз-ўзидан келиб чиққани, шундай хулосага сабаб бўлмоқда. Тилсиз ёвга қарши курашиш учун заҳирадаги 3000 нафар ҳарбий хизматчи сафарабар этилган. Франция, Малайзия, АҚШ ва бошқа давлатлар табиий офатни бартараф этишда Австралияга ўз ёрдамларини таклиф этди.

Ажабланарлиси, мамлакат табиий офат туфайли ҳайвонат оламини йўқотаётган бир пайтда Жанубий Австралия штати ҳукумати қарори билан беш кун ичида 10 000 та туя йўқ қилинди. Маҳаллий ҳокимият буга туялар икки мингдан ортиқ аборигенлар яшайдиган ҳудудга киргани сабаб бўлганини айтмоқда. Таъкидланишича, туялар одамлар ҳаёти ва оловларни ўчириш учун ўта зарур бўлган сувларнинг сезиларли қисмини ичиб қўмоқда экан. Бу қирғин «санитар» мақсадда амалга оширилаётганини айтган амалдорлар туяларни йўқ қилишга тикучарлардан ўқ узаётган профессионал снайперларни жалб этган.

Қайд этиш керак, Австралия бугунги кунда ёввойи туялар тўдаларини учратиш мумкин жаҳондаги ягона мамлакат ҳисобланади. Ўз вақтида қитъага юк ташишда фойдаланиш учун бир неча мингта туя олиб келинган. 1922 йилга келиб шу мақсадда фойдаланилган туялар сони 22 000 тага етган. Транспорт ривожланиши натижасида уларнинг хизмтига эҳтиёж қолмаган ва саҳрога ҳайдаб юборилган. Шундан сўнг улар Австралиянинг қулай табиий шароитида ақлбовар қилмас даражада кўпайиб кетган. XXI аср бошларига келиб саҳро кемаларининг сони 500 000 ошиб кетди. Туялар деярли барча нарсани ейди, артизан сувларини ичиб, уларни фойдаланишга яроқсиз ҳолга келтиради, экин иҳоталарини бузиб, автомобил ҳайдовчиларига жиддий хавф туғдиради. Шу сабабли, ҳукумат рухсати билан Австралияда туяларни ўлдириш доимий тарзда амалга оширилади. Тикучарлардан узилган ўқлар минглаб, ўн минглаб саҳро кемаларининг ҳаётига нуқта қўйсада, уларнинг бош сони ўсишда давом этяпти. Хусусан, туяларнинг йиллик кўпайиши 11 фоиздан ортиқни ташкил қилади.

Жонли табиат ҳимоячилари Австралия ҳукуматининг бу ҳаракатини кескин қоралаб, эътирозлар билдириб келмоқда. Бироқ ҳукумат ҳозирча билдирилаётган норозиликларга эътибор қаратаётгани йўқ.