Вазирлар Маҳкамасининг мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи департаменти фаолияти кенгайтирилди

Иллюстрация: contexts.org

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат билан ҳукумат тузилмасидаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти унга қўшимча 8 та штат бирлигини киритган ҳолда Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти этиб қайта ташкил этилди.

Миллий иқтисодиётнинг муҳим вазифаларини ҳал этиш ҳамда уни барқарор ривожлантиришга қаратилган интеграциялашув имкониятларини кенгайтириш ишларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва диверсификациясини таъминлаш ҳамда энергетика, аграр соҳаларни жадал ривожлантириш сиёсатини амалга оширишга қаратилган интеграциялашув имкониятларини кенгайтириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан тартибга солиш, халқаро стандартларни татбиқ этиш, аккредитация. ветеринария, санитария ва фитосанитария соҳаларида замонавий бошқарув тизимини ҳамда интеграциялашув имкониятларини жорий этиш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш;

республиканинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан интеграциялашуви шароитида божхона-тариф ва нотариф тартибга солишнинг самарали тизимини ривожлантириш ва уни қўллаш чораларини мувофиқлаштириш;

миллий қонунчиликни Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашувига асос бўлувчи амалдаги халқаро шартномаларга мослаштириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклифлар тайёрлаш кабилар департамент фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Департаментнинг қўшимча штат бирликлари Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги тизимидаги биттадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.