Қайтар дунё ёхуд Аллоҳ ҳар нарсани кўргувчи ва билгувчидир

Иллюстрация: i.pinimg.com

ЯҚИНДА UzA сайтида журналист ва адвокат Ҳабибулла Олимжоновнинг шу номдаги мақоласи эълон қилинди. Мақолани ўқиш жараёнида биз билган, ноҳақ айбланиб қамалиб кетган киши ҳақида ҳам гап бораётганига гувоҳ бўлдик.

Мақолада айтилганидек, у киши ростдан ҳам билимли, ҳалол, касбига содиқ инсон эди. Қонун “пешво”ларининг саъй-ҳаракатлари билан айбсиз “айбдор” бўлиб узоқ йилга қамалиб кетди. Вақти келиб озодликка ҳам чиқди. Фақат… деярли ногирон бўлиб қолган. Келбати тоғдек келадиган одам бир тутам бўлиб қолибди, боз устига аранг оёқ босяпти.

Шу инсон қисматини кўриб, узоқ ўйладим: амал, ваколат, қонун берган ҳуқуқдан айримлар наҳотки кимларнидир тақдирига қора чаплаш, бахтсизликка дучор қилишдан ҳузурланса? Қабиҳ ишлар ортидан уйига бориб тинчгина ухласа… Булар ҳақда мулоҳаза қилсак, гап кўп. Шу боисдан, гапни мухтасар қилиб, мақоладан олинган тегишли парчани эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

“… 2016 йилда пойтахт туманларидан бирининг судида 44 миллиард сўм (!) гўё талон-тарож қилинган жиноят иши кўрилди. Шаҳар электр тармоғи корхонасининг саккиз нафар мансабдор шахси. Дастлабки суд мажлиси бошланишида адвокатлар Илтимосномасига кўра уч нафар судланувчи нафақа ёшида ва ногиронлиги борлиги сабаб Амнистия актига асосан жазодан озод қилинди. Беш нафари қолди, бир неча ой суд мажлислари давомида адвокатлар саъй-ҳаракати билан 44 миллиард сўмлик “талон-тарож орқали ўзлаштириш” дан 4 миллиарди қолди. Шунинг ўзи ҳам жуда катта миқдор. Адвокатлар ҳам, судланувчилар ҳам бу сумма ўзлаштирилмагани, ўғирланмаганини, балки текширувчиларнинг нотўғри хисоблаши орқасидан келиб чиққанини ҳужжатлар, далиллар асосида исботлашга уриндилар. Бефойда бўлди…

Беш нафар судланувчига ҳукм ўқилди: ўн икки, ўн беш йилдан! Судланувчилар ва адвокатлар ҳангу манг! Ҳаммаси суд залидан қамоққа олинди…

Ҳимоям остидаги шахс деразасиз машинага чиқволиб менга портфелини узатди: “ака, илтимос, шуни уйга бериб қўйинг, ичида уйнинг калитлари бор эди”.

Мен уни илгаридан танирдим. Давлат солиқ қўмитасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаганида “Шаҳар бедарвоза эмас” кўрсатувига таклиф қилганман, тажрибали ходим эди. Сўнг Самарқанд вилоятида туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи бўлганини эшитгандим. Йигирма йилдан сўнг ўша судда учрашдик. Бир йилдан ортиқроқ электр тармоқлари корхонасида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган экан, тўрт йил аввал. Энди жиноий жавобгарликка тортилибди.

Кўчага чиқдим. Бошқа адвокатлар қатори мен ҳам карахт эдим. Бирдан “уйини билмайман-ку” деган фикрдан қўрқиб кетдим. Ўтган ҳафта кассага пул тўлаганда тузилган шартнома эсимга тушиб, ундан манзилини топиб, Сергелига қидириб бордим. Тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида экан. Уйидагиларга нима дейман, деган оғир-нохуш хаёл бир зум тарк этмаяпти. Эрингизни ҳимоя қилолмадим, ўн беш йилга қамалди деб қандай айтиб бўлади?!

Қўнғироқ тугмачасини босдим. Ишламади. Эшикни итарсам, очиқ. Яна ёпиб, тақиллатдим. Аёл чиқди. Салом бердим. Шониёз аканинг уйими? Ҳа, киринг, киринг, деди уй бекаси мени илгаридан танийдигандек. Чекка қишлоқнинг ўзи: эшик очиқ, бегонага ҳам “киринг, киринг.” Ичкаридаги аҳвол ўша қишлоқнинг ўзгинаси: эски шолча, меҳмонхонада эски палос ва кичиккина хонтахта атрофида кўрпачалар. На гилам, на стол-стул. Очиғи, ўзим бу даражани кутмагандим. Солиқ идораларида етарли лавозимда ишлаган, ниҳоят, 44 милиард сўмни “талон-тарож” қилишда “ҳамтовоқлик” қилган шахснинг уйи – шу аҳволда.

Уй бекаси бирпасда чой келтирди. Кўрпачада эмас, нинада ўтиргандекман. Аёл ҳатто қўлимдаги таниш портфелга ҳам эътибор бермабди. Зиёли муомаланинг боиси, опа эри билан курсдош экан, Молия институтини тугатишган.

– Ишдан келадиган вақтлари бўлди, ҳозир келиб қоладилар, – деди у пиёла узатиб. Дод деб юборай дедим.

– Опа, узр, мен адвокатман, акани уч-тўрт йилга ҳукм қилишди, мен портфелни олиб келдим.

Опанинг ўшанда айтган бир оғиз “Вой, емаган-ку, нега қамашади” деган гапи ҳануз қулоғим остида ҳаётий хикматли сўздай эшитилиб туради…

Ўша аёлнинг оҳ-зори, “емаган-ку” деган ноласи Осмонга етгани, ёзганлари Ислоҳотларнинг юқори идорасида кўриб чиқилиши натижасида… бу жиноят иши чок-чокидан сўкилди, фақат унинг эри эмас, барча судланганлар қамоқдан озод этилди, деярли оқланди. Айримлари ҳозир моддий ва маънавий зарар ундириш учун фуқаролик судига даъво киритаяпти.

Ўн икки – ўн беш йилга ҳукм қилинганлар…

Ушбу ҳукмни ўқиган судъяга бошқа жиноят ишлари бўйича йўл қўйган “хато” лари учун… ҳукм ўқилди.

Осмон кузатиб турибди…”