Тошкентда меҳмонхоналар тақчилми?

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти томонидан 2019 йил натижалари ва 2020 йил учун режаларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, 2019 йилда юртимизга 6 748 500 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг асосий қисми, яъни 5 764 500 нафари Марказий Осиёд давлатлари фуқароларидир. МДҲ давлатларидан 495 600 нафар, узоқ хориж давлатлардан 488 400 нафар сайёҳлар ташриф буюрган. Улардан 81.8% мамлакатимизга яқинлари ва қариндошларидан хабар олгани келган бўлса, 15.5% дам олиш мақсадида келган.

Бошқа сабабларга кўра, яъни, даволаниш, харидлар, ишбилармонлик учрашувларида иштирок этиш ва таълим олиш мақсадида келганлар 2.7 % ташкил этган. Ўтган йил натижаларига кўра, сайёҳлик хизматларининг экспорт ҳажми 1 млрд. 313 млн. АҚШ долларини ташкил қилган. Жойлаштириш масканлари 1 188 тани ташкил қилиб, унинг 833 таси меҳмонхона, 214 таси хостел ва 141 тасига шу каби объектлар киради.

Брифингда таъкидланишича, фестиваллар, давлатлар раҳбарларининг ташрифи ва сайёҳлик мавсумида Тошкентда меҳмонларни жойлаштириш борасидаги муаммолар пайдо бўлади. Шу боисдан, пойтахтда 2021 йилда тахминан 30 000 ўрин, 13 500 хонага эга 500 та меҳмонхона фаолият юритиши зарур. Меҳмонхоналар қурилишига хорижий ва маҳаллий инвесторлар таклиф этилган.

Уч юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган ва тўрт юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.