Ўзбекистонда қизамиқ яна пайдо бўлди

ЖАҲОН Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) мутахассислари 2019 йилда Конго Демократик Республикасида мамлакат аҳолисининг 310 минг нафари қизамиққа чалинганини, улардан 6 минг нафарини ушбу хасталик ҳаётдан олиб кетганини маълум қилдилар.

ЖСТ айтишича, Конгонинг 26 вилоятида қизамиқ кенг кўламда тарқалган бўлиб, мамлакат дунёдаги энг хавфли эпидемия ўчоғи ҳисобланади.

Охирги 5 йил ичида Конгода 18 млн бола қизамиққа қарши эмланган. Бу ишга 27,6 млн доллар сарфланган. Бироқ, 6-14 ёшли болаларни тўлиқ эмлаш учун яна 40 млн доллар керак бўляпти.

Қайд этиш керак, қизамиққа чалиниш ҳолатлари ўтган йилда АҚШ, Европанинг қатор давлатлари, Россия ва Қозоғистонда ҳам кузатилган.

Афсуски, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қизамиқ устидан буткул ғалаба қозонилган деб эътироф этилган Ўзбекистонда ҳам кейинги ойларда қизамиққа чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда.