Ўзбекистоннинг Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексидаги мавқеи яхшиланди

БУЮК Британиянинг “The Economist Intelligence Unit” ташкилоти 2019 йил учун “Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги” индекси (GFSI) бўйича ҳисоботини чоп этди. Ундан 113 та мамлакат ўрин олди.

GFSI учта асосий тоифа (компонент)дан ташкил топди. Булар озиқ-овқат маҳсулотларининг мақбуллиги ва истеъмоли, озиқ овқат маҳсулотларининг мавжудлиги ва етарлилиги ҳамда Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлиги даражаларидир.
Умуман олганда, 87 мамлакат ўзининг кўрсаткичларини яхшилаган бўлса, 18 та давлатда озиқ-овқат хавфсизлиги даражаси пасайган ҳамда 8 та мамлакатда жорий ҳолат ўзгаришларсиз қолган.

Ўзбекистон дунёда 71-ўринни эгаллаб, 2018 йилга нисбатан 9 поғонага кўтарилди ва ўзининг кўрсаткичларини яхшилаган. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 48-ўрин, Тожикистон 93-ўринга кўтарилган.

GFSIнинг баҳолаш методологияси хулосасига кўра, Ўзбекистонда энг катта ижобий ўзгаришлар шаҳарларнинг озиқ-овқат оқимини ўзлаштириш қобилияти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига импорт тарифлар каби кўрсаткичларда кузатилган.

Бироқ, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ўзгарувчанлиги, қишлоқ хўжалигини тадқиқ қилиш учун сарфланадиган давлат харажатлари ва озиқ-овқатнинг ўртача нархидаги ўзгаришлар каби кўрсаткичларда бироз пасайиш кузатилди.