CES-2020: ҳайратлар кўргазмаси

Иллютсрация:chromeunboxed.com

CES – халқаро маиший электроника кўргазмаси бўлиб, илк марта 1967 йилда АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида ўтказилган. Шундан буён кўргазма ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Унинг 11 майдончасининг умумий майдони 2,9 млн. квадрат футга тенг бўлиб, 36 тоифага мансуб электроника маҳсулотлари намойиш этилади.

Эндиликда CES кўргазмасини январ ойининг бошида Невада штатининг Лас-Вегас шаҳрида ўтказиш анъанага айланган. Жорий йилги кўргазмада дунёнинг 4500 компания-экспоненти ўз маҳсулотларини намойиш этиши, 160 мамлакатдан 170000 зиёд меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда.

“BusinessInsider” экспертлари “CES 2020”нинг энг яхши маҳсулотларини эълон қилди.

Энг яхши TV: Samsung Q950TS 8K QLED TV
«Samsung» ширкати томонидан намойиш этилган 8К ойнаи жаҳони ортиқча ҳошия (рамка)лардан халос этилган ва натижада QLED дисплейдаги тасвир майдони 99 фоизни ташкил этади.

Энг яхши ноутбук: Lenovo ThinkPad X1 Fold
13,3-дюймли OLED дисплейли мазкур қурилма жорий йилнинг ўрталарида сотувга чиқарилади. Нархи 2499 доллар.

Энг яхши смартфон: Samsung Galaxy Note 10 Lite ёки S10 Lite
“Samsung Electronics”нинг ушбу дейвслари вазифалари, нархи билан яққол устунликка эришган.

Энг яхши осма қурилма: “Suunto 7” ақлли соати
Финляндиянинг “Suunto” ширкати томонидан кўргазмада намойиш этилган “Suunto 7” ақлли соати бу йўналишда ғолиб деб топилди.

Энг яхши ўйин қурилмаси: Alienware Concept UFO
Бу йўналишда “Alienware” мутахассислари томонидан яратилган “Concept UFO” қурилмаси биринчи ўринга муносиб топилган.

Уй учун энг яхши ақлли қурилма: “August Wi-Fi Smart Lock” қулфи 

«August Home» ширкати намойиш этган “August Wi-Fi Smart Lock” қулфи кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Кўча эшигига ўрнатиладиган қулф “Apple HomeKit” ёки “Siri” ёрдамчиси орқали махсус илова билан бошқарилади.

Ошхона учун энг яхши қурилма: “Juno Chiller”
Американинг “Matrix Industries” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган ичимликларни совутиш қурилмаси ёрдамида ўзингизга ёққан ичимликларни фреон, иссиқлик қувурлари ва бошқа кўплаб қурилмаларсиз совутишингиз мумкин.

Энг яхши шахсий гигиена воситаси: “Colgate Plaqless Pro”
Бу тиш чўткаси тишларни парвариш этишни назорат қилиб бориш хусусиятига эга.

Энг ихчам маиший қурилма: “Samsung Cube Refrigerator”
Корея ширкатининг ушбу совуткичлари янги авлодга мансуб бўлиб, ихчам ҳажми, ўта паст овозда ишлаши, дизайни ва ҳар қандай жойга ўрнатиш мумкинлиги билан экспертлар эътирофига сазовор бўлди.

Энг яхши автомобил: “Fisker Ocean SUV” кроссовери
“Fisker” ширкатининг йўлтанламас электр автомобилининг томи қайта ишланган материаллардан тайёрланган қуёш панеллари билан жиҳозланган. Бу улов бир марта қувватлантирилганда 1600 км йўлни босиб ўтади.