Туркияда ўзбек достони чоп этилди

ТУРКИЯ пойтахти Анқара шаҳрида “Турк Тил Қуруми” нашриёти томонидан ҳамюртимиз бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг “Далли” достони турк ва ўзбек тилларида чоп этилди.

Достон фолклоршунос олим, шоир Жаббор Эшонқул томонидан нашрга тайёрланган. Турк тилига Дилек Сезар таржима қилган. Бугунги кунгача “Ойчинор”, “Малика айёр”, “Эрали ва Шерали”, “Рустамхон”, “Хушкелди ва “Балагардон” сингари ўзбек халқ достонлари икки мамлакат олимлари ҳамкорлигида чоп этилган эди.

Қайд этиш керак, “Далли” достони бахши Эргаш Жуманбулбулнинг “Гўрўғли” туркумига кирувчи энг сара достонларидан ҳисобланади. Унинг қўлёзмаси араб имлосида бўлиб, у 1926 йилда ёзиб олинган. Қўлёзма Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтининг Фолклор архивида сақланмоқда.