Берлинда бўлиб ўтадиган жаҳондаги йирик қишлоқ хўжалиги кўргазмаси – «Яшил ҳафталик»да Ўзбекистон иштирок этади

2020 йил 16-19 январь кунлари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Германия пойтахти Берлин шаҳрига ташриф буюради.

ГФРнинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ташриф доирасида юртимиз делегацияси «Яшил ҳафталик – 2020» халқаро кўргазмасида ва Қишлоқ хўжалиги вазирларининг Берлин конференциясида иштирок этади.
1926 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган «Яшил ҳафталик» халқаро кўргазмаси (Internationale Grüne Woche) бутун дунёдаги етакчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва озиқ-овқат саноати корхоналари иштирок этадиган энг нуфузли ихтисослашган форумлардан бири ҳисобланади.

Ўтган йили кўргазмада дунёнинг 71 мамлакатидан 1750 ортиқ экспонент иштирок этган бўлса, унга 400 мингдан ортиқ киши, жумладан 90 мингдан зиёд мутахассис ташриф буюрди. Кўргазманинг умумий майдони 125 минг кв.м.ни ташкил этади.

Ўзбекистон делегациясининг Берлинга ташрифи дастурига мувофиқ ишбилармон ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш билан бирга, Германия озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири Ю. Клёкнер, шунингдек, Польша, Беларус, Ливан, Молдова, Украина ва бошқа мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги вазирлари билан учрашиш режалаштирилган.