Нотариал тизимида жиддий ўзгаришлар бўлади

Фото: notarius.fr

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси президенти “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ушбу қонун билан “Гаров тўғрисида”ги, “Нотариат тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Медиация тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Фуқаролик процессуал кодексларига, шунингдек Олий Мажлис Қарори билан тасдиқланадиган “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати”га ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунга кўра, давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идораларга босқичма-босқич ўтказилади, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди, айрим турдаги битимлар учун мажбурий нотариал тасдиқлашни бекор қилиш, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг янги турлари ҳамда нотариал ҳаракатларни масофадан, шу жумладан видеоконференцалоқа ёрдамида амалга ошириш механизми каби кўплаб янгиликлар жорий этилади.