Сайёҳлар йўли Ўзбекистонда туташади!

Фото: interpress.uz

АҚШнинг машҳур “Си-Эн-Эн” телеканали сайтида эълон қилинган “Why Uzbekistan is said to be a top travel destination for 2020?” (“Нега Ўзбекистон 2020 йилда асосий сайёҳлик манзилларидан бири бўлиши айтилмоқда?”) номли мақолада Ўзбекистон 2020 йилда энг саёҳатбоп мамлакатлардан бирига айланаётгани таъкидланган.

“Lonely Planet” сайёҳлик веб сайти ҳам мамлакатимизни Марказий Осиёдаги осон ва визасиз саёҳат қилиш мумкин бўлган 1-рақамли сайёҳлик минтақаси деб атаган.

“Economist” журнали эса Ўзбекистонни ҳукуматининг сўнгги йилда жадаллашиб кетган жиддий ислоҳотлари учун 2019 йилда энг яхши мамлакат деб атади. Булар барчаси, дунё энди-энди кашф қилаётган тарихи ва ажойиб таомлари билан машҳур Ўзбекистонни машҳур сайёҳлик манзилига айлантирмоқда.

Мақолада президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни сайёҳлар учун жозибали манзилга айлантириш учун катта ислоҳотлар бошлаганини, 65 та мамлакат ватандошларига 30 кунлик визасиз келиб-кетиш, 77 та мамлакат ватандошларига эса соддалаштирилган электрон виза олиш имконияти яратилгани таъкидланади.

Муаллиф юртимизнинг қизиқарли тарихи, бетакрор миллий таомлари хорижий сайёҳларни жалб қилаётган омиллар эканини маълум қилган.