Медведев ҳеч қачон кучли сиёсатчи бўлган эмас

Дмитрий Медведев. Фото: livejournal.com

РОССИЯ Федерацияси президенти Владимир Путиннинг анъанавий мурожаатининг бу галгиси ҳам мазмун-моҳияти (Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар хусусидаги таклифлар инобатга олинмаса)га кўра, аввалгиларидан фарқ қилмасада, мурожаатнома ортидан ҳукуматнинг тўлиқ тартибда истеъфога чиқиши барча учун кутилмаган янгилик бўлди. Айтишларича, ҳатто Дума депутатлари бундан бехабар қолган.

Хусусан, “Коммерсант” газетасининг ёзишича, депутатлар ҳукумат истеъфога чиққани ҳақида Давлат думасининг йиғилиши вақтида билишган. Ажабланарлиси, бу ҳақда хабар тарқалиши билан залда кучли қичқириқ эшитилган ва ҳукуматнинг Думадаги вакили Александр Синенко зални шошилинч тарзда тарк этган. Айни шу дамда йиғилиш иштирокчилари баралла кулиб юборганлар.

Кўп йиллардан буён ҳукуматни бошқариб келаётган Дмитрий Медведев шахси ҳақида тўхталадиган бўлсак, у ҳеч қачон кучли сиёсатчи бўлмаган. Янада очиқ айтилганда, соядаги одам бўлган. Собиқ талабалари таърифлагандек, уни “меҳрибон устоз” сифатида эътироф этиш мумкин. Сиёсатчи ва ҳукумат раҳбари сифатида ундан ёрқин из қолмади.

Қрим масаласида жорий этилган Ғарб санкциялари Россия иқтисодиётига кучли зарба берди. Давлат раҳбарияти таъкидлаганидек, “мамлакат тиз чўкмасада, жуда қийин бўляпти”. Бунинг ортидан иқтисодий ўсиш суръати сустлашиб кетди, аҳолининг турмуш тарзи қийинлашди, чет эл капиталининг мамлакатни тарк этиш ҳажми ошди. Хорижда яхши яшаш илинжида мамлакатни тарк этаётган россияликлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Аҳоли ўртасида давлатга, юритилаётган сиёсатга ишончсизлик авж ола бошлади.

Буларнинг барчаси президент Владимир Путинга маълум эди. У кескин қадам ташлаши, асримизнинг иккинчи ўн йиллигини кутилмаган ўзгаришлар билан бошлаши шарт эди ва шундай қилди ҳам.

Бунинг учун биринчи навбатда садоқатли сафдоши Дмитрий Медведевнинг хизматидан воз кечишга қарор қилди. Россия етакчиси янги муддатга президент этиб сайланганидан сўнг айримлар ҳукуматда ўзгариш бўлишини тахмин қилган эдилар. Аммо, Путин амалдаги Бош вазир билан ишлашни маъқул кўрди. Бунинг сабабини, унинг жамоаси бошлаган ишларини охирига етказиши керак, деб изоҳлади. Шундан сўнг давлат бошқаруви Путин-Медведев тандемида бундан сўнг ҳам давом этади, деган фикр янада мустаҳкамланди.

Тўғри, Дмитрий Медведев кўчада қолгани йўқ. У янги – Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини эгаллайди ва мудофаа ишлари билан шуғулланади. Бундан ташқари, мамлакатдаги ҳукмрон партия – “Единая Россия”га раҳбарлик қилишда давом этади.

Унинг ўрнига – Бош вазир лавозимга эса Путин Федерал солиқ хизмати раҳбари лавозимида ишлаб келган Михаил Мишустин номзодини илгари сурди. Таклифга рози бўлган Мишустин яқин кунларда ҳукуматнинг янги раҳбари сифатида иш бошлайди.

Хўш, у ҳақда нималар маълум?

Давлат думасининг молия масалалари бўйича қўмитаси раиси Анатолий Аксаков янги бош вазир ҳақида: «Уни шахсан биламан, рақамли иқтисодиёт билан боғлиқ қатор қонун ҳужжатларини тайёрлашда бирга ишлаганмиз. Ўйлашимча, у жуда муносиб номзод, жуда замонавий ва салоҳиятли раҳбар. Рақамли ахборот технологияларни жорий этган ҳолда солиқ маъмурчилигини энг самарали тизимга айлантирди”, – деди.

Дарвоқе, Михаил Мишустин Фидерал солиқ хизмати (ФСХ) ахборот тизими асосчиси, деб эътироф этилади. Жумладан, ФСХнинг замонавий сайти яратилишига катта ҳисса қўшган. 1990 йилларнинг бошида у мамлакатда илғор ахборот технологиялари жорий этилиши йўлида ҳам кўп меҳнат қилган. Солиқ ва йиғимлар вазирлигида ишлаган даврида айнан унинг ташаббуси билан рақамли имзо, “ягона дарча”, солиқ ҳужжатларини рақамли шаклда топшириш хизматларин хизматлари йўлга қўйилган.

Михаил Мишустин 1966 йил 3 мартда Москва шаҳрида туғилган. 1989 йилда Москва машинасозлик институти (ҳозирги Москва давлат «СТАНКИН» технология университети)ни, 1992 йилда эса ушбу институтнинг аспирантурасини битирган, иқтисод фанлари доктори.

У 1992-1995 йилларда Халқаро компютер клуби директори, 1995-1996 йилларда ушбу клубнинг бош директори ва кузатув кенгаши ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. 1998 йил августда Давлат солиқ хизмати раиси ўринбосари этиб тайинланган ва 2004 йилгача ушбу лавозимда ишлаган, 2006 йилдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулклар агентлигига, 2007-2008 йилларда эса иқтисодий зоналар федерал агентлиги директори раҳбарлик қилган.
2010 йил 6 апрелда Федерал солиқ хизмати раҳбари этиб тайинланган ва ҳозирги кунгача ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келаётганди.

Михаил Мишустин қатор давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Уни Бош вазир лавозимида кўришни мамлакат аҳолисининг аксарияти ва кўплаб сиёсатчилар олқишламоқда.