Қоҳирада «Анадолу» ходимлари қўлга олинди

МИСР полицияси «Анадолу» ахборот агентлигининг Қоҳирадаги тўрт нафар ходимини, жумладан Туркия фуқаросини ҳеч бир сабабсиз ушлаган. Қўлга олинганлар номаълум томонга олиб кетилган.

Қайд этилишича, полиция 14 январ куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 да агентлик офисига бостириб кирган. Бундан аввал офисдаги кузатув камералари ва интернет узиб қўйилган. Офисда тинтув эрталабгача давом этган. Ходимларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари, мобил телефонлари ва компютерлари олиб қўйилиб, бу билан уларнинг агентликнинг марказий офиси ва оила-аъзолари билан боғланишларининг олди олинган.

Воқеа жойига етиб келган адвокатга тинтув ҳақида ҳеч қандай ҳужжат кўрсатилмаган ва изоҳ берилмаган. Улар чиқариб юборилиб, тинтув ишлари давом эттирилган.

Ярим тунда агентликнинг мисрлик фуқароси бўлган аёл киши қўйиб юборилган. Қолган тўрт нафар ходим эса эрталабгача ушлаб турилиб, кейин номаълум томонга олиб кетилган.

Ушланганлар агентлик менежери Хилми Балжи, Миср фуқаролари Ҳусейн ал-Қоббани, Ҳусейн ал-Аббос ҳамда Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази (SETA) ходими Абдулсалом Муҳаммадлардир.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида дипломатик каналлар ишга солинган. «Анадолу» агентлиги Бош директори Шенол Қозончи агентлик ходимларини зудлик билан озод этишга чақирган.

АҚШ Давлат департаменти ҳам Миср ҳукуматидан қўлга олинган «Анадолу» агентлиги ходимларини дарҳол қўйиб юборишни сўраган.