Хитойда номаълум вирус: ЖСТ баёнот берди

БИР неча кун илгари жаҳон оммавий ахборот воситаларида Хитойнинг Ухан шаҳрида номаълум вирус чақирган зотилжамга чалиниш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Мамлакат ҳукумати бугунги кунга келиб, касаликка чалинганлар сони 200 кишидан ошганини маълум қилган бўлса, британиялик олимлар ва халқаро ташкилотларнинг мутахассислари аслида 1700 дан зиёд хитойлик ушбу хасталик билан оғриётганини таъкидламоқдалар. Ҳозиргача касаллардан уч нафари вафот этди.

Хўш, бу қанақа вирус? У қаёқдан пайдо бўлди? Унинг давоси борми?

Айтишларича, ҳаммаси декабр ойининг охирида бошланган. Ўнлаб одамлар иситма, йўтал ва нафас олишга қийналиш каби деярли бир хил аломатлар билан касалхонага келтирилган. Шифокорлар беморларда анъанавий зотилжам, фақат унинг нисбатан оғир шакли кузатилганини қайд этишган. 9 январ куни касаллардан биринчиси вафот этган бўлса, 15 январ куни иккинчисининг жони узилган. Ҳозирда номаълум коронавирус Таиланд, Япония ва Корея давлатларида тарқалиб улгурди. Мутахассислар бу ҳали бошланиши, деб огоҳлантирмоқдалар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касаллик тарқалиши бошланганини ва у одамдан одамга юқиши ҳақида баёнот берди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, коронавируслар кенг тарқалган вируслар оиласига мансуб бўлиб, қушлар, балиқлар ва сут эмизувчиларда учрайди. Улардан атиги уч тури инсон учун хавфли ҳисобланади. Уханда пайдо бўлган вирусга 2019-nCoV деб ном берилди.

Тахминларга кўра, унинг табиий манбаси кўршапалаклар ҳисобланади. Шу боисдан вирус нафақат денгиз маҳсулотлари, балки майда сут эмизувчилар ҳам сотиладиган балиқ бозоридан тарқалган бўлиш мумкин, деган тахмин илгари сурилмоқда. Жанубий Осиё мамлакатларида эса улар одатга кўра тирик ҳолда сотилади. Ушбуларга асосланиб хулоса қилинса, кўршапалаклардан тарқалган вирус қовурилмаган гўшт орқали одамларга юққан, деб тахмин қилиш мумкин.

Лекин булар фақатгина тахмин бўлиб, Хитой соғлиқни сақлаш хизмати бу борада бирон маълумотни ошкор этгани йўқ. Балиқ бозорлари тўлиқ текширувдан ўтказилмагунга қадар бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаслиги айтилган (балиқ бозорлари 1 январдан ёпиб қўйилган).

Таъкидланишича, бу биринчи ҳолат эмас. Охирги марта шундай воқеа 2000 йилда кузатилиб, SARS коронавируси асосан Осиёдаги ўнлаб мамлакатларга ёйилиб 774 инсоннинг умрига зомин бўлган эди.

Хитой ҳукумати вирус тарқалишининг олдини олиш учун стандарт чоралар кўришни бошлаб юборган: аэропортлар, вокзалларда йўловчилар текширувдан ўтказиляпти. Худди шундай тадбирлар Таиланд, Корея, Япония аэропортларида Ухандан учиб келган йўловчиларга нисбатан қўлланилмоқда. Бу тартиб ўтган ҳафтада АҚШда жорий этилган бўлса, куни кеча Малайзия чегараларда назорат кучайтирилганини маълум қилди.

Ухан шаҳрининг ўзида алоҳида тартиб жорий этилган. Деярли барча жойларда одамларнинг ҳароратини ўлчайдиган инфрақизил термометрлар ўрнатилган. Ваҳимага тушган кўплаб одамлар шаҳарни аллақачон тарк этган.

Ғарб олимларининг айтишича, янги коронавируснинг хавфи у қадар катта эмас. У келтириб чиқарган хасталикка чалинганларнинг аксарияти соғайиб кетади. Бунинг учун вақтида шифокорга мурожаат этиш ва даволаш тўғри олиб борилиши лозим. Бироқ янги вирусга доир хусусиятлар ҳали тўлиқ маълум бўлмагани учун европалик мутахассислар бу борада узил-кесил тўхтамга келолганлари йўқ.