Финляндия: чиқиндисиз мамлакат

Фото: pbs.twimg.com

20 йил илгари Финляндияда 1000 ортиқ чиқиндихоналар бўлган. Аҳолиси 5,5 млн бўлган мамлакат учун бу оз эмас эди. Бугунги кунга келиб уларнинг катта қисми ёпилган, ҳосил бўлаётган техник-маиший чиқиндиларнинг атиги 1 фоизигина кўмиб юборилади. Финлар буни иқтисодиёт айланмаси деб аташади ва ҳатто чиқиндилардан пул ишлаши мумкинлигини кўрсатдилар.

Қайта ишланган шиша, елим, металл, қоғоз ва картонлардан янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланилади, органик чиқиндилардан биогаз олинади ҳамда қолган қисми электр станцияларидан кўмир ўрнига ёқилади.

Бунда асосий масъулият аҳоли гарданига тушади. Нега? Чунки чиқиндиларни саралаш жараёни финларнинг уйидан бошланади. Бугунги кунда ҳар бир финнинг ошхонасида бир неча бўлмалардан иборат ахлат идишини кўрсангиз, бундан ажабланманг. Негаки, уларнинг бири шиша идишлар учун мўлжалланган бўлса, кичикроғи
батарейка ва электр чироқлар учун, бошқалари металл, елим, картон ва қоғоз ташлашга мўлжалланган бўлиб, идиш жами олтита бўлмадан иборат бўлади. Органик чиқиндилардан бошқа барчаси кўчадаги ахлат контейнерларига тоза, мумкин қадар ихчам тарзда ташланиши шарт.

Ўзида тахминан 100 кишини бирлаштирган уй-жой ширкати аъзолари чиқинди ташиш учун ойига 14 евро тўлайдилар. Ушбу хизмат учун тўлов чиқинди контейнерлари сони, чиқиндихонагача бўлган манзилдан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳар бир чиқинди тури алоҳида автомобилда ташилади. Мисол учун, шиша ва металл чиқиндилар ҳар ой бир марта, асосий қисмни ташкил этувчи аралаш маиший чиқиндилар эса ҳафтада икки марта олиб кетилади. Талаблардан яна бири шундаки, чиқиндилар тўкилмаслиги, ҳиди атрофга таралмаслиги учун уйдан герметик пакетларда олиб чиқилиши шарт.

Мамлакатдаги савдо марказларининг аксарияти яқинида махсус чиқинди контейнерларини учратиш мумкин. Улар эски кийим-кечаклар ва мебелларни ташлаш учун мўлжалланган. Шу ернинг ўзидан кийим-кечаклар секонд-хендларга, мебеллар эса комиссион дўконларга, яроқсизлари қайта ишлашга олиб кетилади.

Бундан ташқари, Финляндияда ҳам биздагига ўхшаб шиша қабул қилиш шахобчалари мавжуд.

Ёқиш мумкин бўлган чиқиндилар эса иссиқлик қуввати олишда фойдаланиш учун чиқинди ёқиш заводларига юборилади. Ушбу тартиб жорий этилганидан сўнг «Лахти энергия» иссиқлик маркази кўмир ёқишдан буткул воз кечди ва электр қувватини чиқинди ёқиш орқали олмоқда. Қайд этилишича, дунёда муқобили бўлмаган мазкур станция энергия блокларини модернизация қилиш учун 100 млн евро миқдоридаги банк кредити сарфланган.

Мамлакатда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш болаликдан сингдириб борилади. Ота-оналар фарзандларини уйдан чиқишда электр чироқларни ўчиришга, сув кранларини ёпишга, кўчага ахлат ташламасликка одатлантириб борадилар.

Шуни ҳам қайд этиш керак, Европа Иттифоқи аъзо мамлакатларга 2020 йилда чиқиндиларнинг камида ярмини қайта ишлаш вазифасини қўйган. Ҳозирча Финляндия бу борада оқсамоқда – чиқиндиларнинг “атиги” 41 фоизи қайта ишланяпти.

Мамлакатда чиқинди газидан электр энергияси олиш ҳам яхши йўлга қўйилган. Мисол учун, “HSY” компаниясига қарашли “Ekomo” саноат парки собиқ чиқиндихона ўрнида барпо этилган. Бунда чиқинди полигони йўқ қилинмаган, ер остига жойлаштирилган, холос. Яъни, 40 метр ер остидаги майдончага тўпланган чиқиндилардан метан гази олинади. Олинган газ сотилади ёки яқин атрофдаги электр станцияга етказиб берилади. Шу йўл билан бир йилда 52 гигаватт соат электр қуввати олинади ва бу “Ekomo” паркининг эҳтиёжини буткул қоплайди.

Чиқиндилар ва атроф-муҳит софлигини таъминлаш йўлидаги юқоридаги каби ишларга қарамасдан, финларнинг бу борада амалга оширилаётган ишлардан кўнгли тўлмаяпти. Ҳукумат чиқиндиларни қайта ишлаш масаласида ЕИ талабларини бажариш, мамлакатларни чиқиндилардан буткул ҳоли этиш, иссиқхона газлари чиқарилишини кескин камайтириш борасида жиддий чора-тадбирларни амалга оширишга киришган.

Маълумот ўрнида: ҳудуди жиҳатдан дунёдаги энг катта мамлакат – Россия бугунги кунда чиқинди инқирозини бошдан кечирмоқда. Мамлакатда ҳар йили 70 млн тонна қаттиқ чиқинди ҳосил бўлгани ҳолда, унинг атиги 5 фоиздан камроғи қайта ишланади.

Беҳисоб чиқиндихоналарда 30 млрд тоннадан ортиқ ахлат йиғилиб қолган бўлиб, улардан чиқаётган заҳарли моддалар 17 млн одамнинг соғлигига хавф туғдирмоқда. Ҳукумат чиқиндиларни қайта ишлаш орқали муаммога барҳам бериш ўрнига, янги чиқинди полигонларини қуришни рағбатлантиряпти.