Иқлим исишини истамайсизми? У ҳолда гўшт истеъмолини камайтиринг

Фото: cnet3.cbsistatic.com

ГЕРМАНИЯ пойтахтида 90 йилдан бери “Яшил ҳафта” номи билан машҳур ярмарка очилди. Бу сафар у барқарор тараққиёт, ресурсларни сақлаб қолиш ва экологик ишлаб чиқаришга ўтиш шиорлари остида ўтмоқда. Озиқ-овқат кўргазмасига 72 мамлакатнинг 1,8 минг экспонатлари қўйилган. Ярмарка арафасида норозилар бир неча юз трактор билан кўргазма марказига олиб борувчи йўлларга тўсиқ ўрнатишди. Минглаб норози деҳқонлар Берлин кўчаларига ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигига оид сиёсатига қарши норозилик намойишига чиқишди. Фермерларнинг турли гуруҳлари ижтимоий тармоқлардан коммуникация воситаси сифатида фойдаланиб тарафдорларини намойишга чорладилар.

Намойишчиларнинг асосий нишони қишлоқ хўжалиги вазири, христиан-демократик партия вакиласи Юлия Клёкнер бўлди. Норозилар уни немис деҳқонларининг манфаатидан кўра, ҳашоратларни ҳимоя қилишда айблашди. Хусусан, ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигида гебрицид ва глифосат каби заҳарли моддаларни ишлатишни чеклаш қарори норозилик туғдираяпти. Чунки айни омил фермерлар фикрича, ҳосил унумдорлигига зарар етказиши ва зараркунанда ҳашоратларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Бу келажакда немис фермерларини европалик фермерлар билан рақобатда енгилишига олиб келиш эҳтимоли ошади. Деҳқонлар акцияси билан бир қаторда Greenpeace ҳаракатининг немис бўлими тарафдорлари “Яшил ҳафта” ярмаркаси ташриф буюрувчиларига Германияда гўшт нархининг арзонлигини танқид қилувчи варақалар тарқатишди.

Гап шундаки, ГФРда саноатлашган усуллар билан жуда кўп гўшт ишлаб чиқарилади. Масалан, бир кило гўшт етиштириш учун 5 кг ем талаб этилади. Бу эса табиат ҳимоячилари фикрича, ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетишига, унинг ўрнида соя ва маккажўхори майдонлари кенгайишига хизмат қилади. Экологлар муаммони ечиш учун табиий гўштдан воз кечиш ва ўрнига ўсимликлардан, масалан, соядан тайёрланган сунъий гўшт истеъмолига ўтишни тавсия этмоқда. Умуман олганда, бутун дунё бўйлаб экологияни асраш, глобал иқлим исиши олдини олиш учун гўшт истеъмолини камайтириш чақириқлари тобора кучли янграмоқда. Бунинг исботи ўлароқ, Буюк Британияда одамларнинг учдан бир қисми, Америкада эса учдан икки қисми гўшт ейишни камайтиргани ёки ундан воз кечгани ёки шундай ниятда эканини таъкидламоқда. Айни вақтда гўшт истеъмолини камайтиришнинг фойдалари тўғрисида кўплаб ҳужжатли фильмлар ҳам суратга олинмоқда.

Истеъмол нега ошаяпти?
Охирги 50 йилдан бери халқаро гўшт истеъмоли даражаси кескин ортиб кетди. Бугунги кунда инсоният 1960 йиллардагидан 5 баробар кўп гўшт емоқда – бу йилига 330 миллион тоннадан ортиқ демак. Бунинг асосий сабаби дунё аҳолисининг икки мартага кўпайганидир. Бугунги кунда Ер юзида 7.6 миллиарддан кўпроқ инсон яшайди. Аммо экспертлар фикрича, аҳоли сони ўсгани гўшт истеъмоли ортишининг асосий сабаби бўла олмайди. Муҳим омил эса одамлар даромадларнинг кўпайишидир. Дунё бўйлаб одамлар янада бойимоқда. Ярим аср ичида ўртача даромад миқдори уч баробарга ортган. Бироқ барча мамлакатларда ҳам ўхшаш манзара ҳукмрон эмас. Табиийки, бой мамлакатлар кўпроқ гўшт истеъмол қилади.

Истеъмолдаги тафовут
Бойлик ва гўшт истеъмоли ўртасида яққол боғлиқлик мавжуд. 2013 йилда АҚШ ва Австралия гўшт истеъмоли бўйича биринчиликда эди. Ўша вақтда Янги Зеландия ва Аргентинада йилига киши бошига 100 килограммдан кўп гўшт истеъмол қилинган. Ғарбий Европада ҳам бу кўрсаткич юқори. Бу ерда киши бошига йиллик гўшт истеъмоли 80 ва 90 килограмм ўртасини ташкил этади. Ўз навбатида, қашшоқ давлатлар аҳолиси жуда кам гўшт ейди. Масалан, ўртахол эфиопиялик йилига атиги 7 килограмм, руандалик 8 килограмм ва нигериялик 9 килограмм гўшт истеъмол қилади. Камбағал мамлакатлар аҳолиси учун гўшт фақат бойлар имконли бўлган танқис маҳсулот. Гўшт истеъмоли бўйича аниқланган рақамлар фақатгина одамларнинг қанча гўшт сотиб олишини кўрсатади. Сотиб олинган гўштларнинг қанча қисми ахлатга ташланиши эса маълум эмас. Бироқ нима бўлганда ҳам, бу рақамлар ҳақиқатга энг яқин тахминдир.

Хитой ва Бразилия ҳам олдинги сафда
Бой давлатлар аҳолиси кўп, қашшоқлари эса кам гўшт истеъмол қилиши ҳеч кимга сир бўлмаган ҳолат. Сўнгги 50 йилдан бери бу ҳолат ўзгармай келаётир. Лекин дунё бўйича гўшт истеъмоли ортишига бошқа мамлакатлар сабаб бўлмоқда. Хитой ва Бразилия каби шиддат билан ривожланаётган мамлакатларда сўнгги ўн йилликларда гўштга бўлган талаб ақл бовар қилмас даражада юқорилаган. Мисол учун, хитойликлар 1960 йилларда йилига 5 килограммдан кам гўшт истеъмол қилган. Бу рақам 1980 йилларда 20 килограмм ва ҳозирги пайтга келиб, 60 килограммга етган. Бразилияда ҳам айни ҳолат кузатилган. Ривожланаётган давлатлар ичида Ҳиндистон эътиборга молик истиснодир. 1990 йиллардан буён ҳиндистонликларнинг ўртача даромади уч баробарга кўпайган бўлсада, бу гўшт истеъмоли даражасига деярли таъсир қилмаган. Яхши маълумки, ҳиндистонликларнинг кам гўшт ейишига асосий сабаб – бу диний қарашлар. Мамлакатда киши бошига йилига атиги 4 килограмм гўшт истеъмол қилинади. Марказий Осиёда Қозоғистон ва Туркманистон гўшт истеъмол борасида карвонбошилик қилади. Бу давлатлар аҳолиси бир йилда киши бошига ўртача 50 килодан 100 килогача гўшт истеъмол қилади.

Ғарбликлар товуқ гўштига ўтишаяпти
Европа ва Шимолий Америкада истиқомат қилувчиларнинг аксарияти шундай ниятда эканини маълум қилган. Бироқ, статистик маълумотларга кўра, гўшт истеъмоли аксинча, кўпайиб бормоқда. 2018 йилда АҚШда сўнгги ўн йилликлар ичида энг кўп гўшт истеъмол қилинган. Европада ҳам деярли ўхшаш манзара. Аммо америкаликлар ва европаликлар қорамол гўштидан кўра кўпроқ товуқ гўштини афзал билмоқда. Масалан, ҳозирда АҚШда товуқ гўшти бутун гўшт истеъмолининг ярмини ташкил қилади.

Гўшт зарарлими?
Шифокорларнинг айтишича, айрим ҳолларда гўшт соғлиққа фойда келтириши мумкин. Меъёрдан ошмаган миқдордаги гўшт ва сут маҳсулотлари инсоннинг соғлигини яхшилайди. Айниқса, қашшоқ давлатларда яшаётган ва турли хил таомлар истеъмол қилишга имконли бўлмаган инсонлар кўпроқ гўшт ейиши лозим. Аммо баъзи давлатлар меъёрий чегарадан анчайин ўтиб кетган. Тадқиқотлар давомида ортиқча гўшт истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликлари, юрак хуружи ва саратоннинг маълум турларининг ривожланишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган. Қорамол гўштини товуқ гўштига алмаштириш эса тўғри қадам бўлиши мумкин. Бундай қадам бўрдоқига қорамол боқиш кўламининг камайишига ҳам олиб келади.Товуқларга солиштирганда қорамол етиштириш учун 10 баробарга қадар кўпроқ ер, озиқ-овқат ва сув талаб этилади. Шунингдек, қорамол ўзидан кўп миқдорда иссиқлик газларини ҳам чиқаради. Келажакда мамлакатлар бўйлаб гўшт истеъмоли онгли даражада ва мувозанатда сақланган ҳолда бўлиши учун экологик ҳаракатлар тарғибот тадбирларини бошлаб юборган. Бу ўз-ўзидан гўшт истеъмолини камайтириш чақириқлари кучайишини англатади. Натижада, гўшт яна ҳашаматли танқис маҳсулотга айланиши мумкин.