Саратон хасталиги яқинда таслим бўлади

ШВЕЦИЯнинг “Svenska Dagbladet” нашрида саратон касалини даволаш ва хасталик пайдо бўлишининг сабабларини ўрганиш борасида дунё олимлари томонидан олиб борилаётган тадқиқотларга бағишланган мақола чоп этилди.

Мақолада айтилишича, илгари саратон давосиз дард ҳисобланган. Бугунги кунда эса мазкур касалликка чалинганларнинг ўнтасидан еттитаси ташхис қўйилганидан сўнг камида ўн йил яшаяпти.

1950 йилларнинг бошида кимётерапия пайдо бўлган даврда саратон ташхиси қўйилганларнинг тахминан 30 фоизи бир неча йил яшаган. Айни ўша пайтда олимлар чекиш саратонга сабаб бўлишини илк марта маълум қилган эдилар.

Ўшандан буён тиббиёт ҳам ривожланди. Даволашнинг комбинациялашган тизими ва гормонал терапия усулидан фойдаланиш аниқ натижалар берди. 2000 йилларда эса прецизион препаратлар ва таъсири юқори бўлган дори-дармонлар кашф этилди. Улар бевосита саратон тўқималарига таъсир кўрсатиб, соғломларига зарар етказмайди. Қисқаси, онкологик касалликларни даволаш борасида ҳозирда сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Касалликка чалинганларнинг умр давомийлиги ўсяпти, ўлим ҳолатлари камайган.

Саратоннинг бардошлиги олимларни ҳар доим ҳайратга солган. Бироқ, эндиликда у давосиз дард, деган номдан халос бўлиши мумкин. Дунё олимлари унинг буткул давосини ана топамиз, мана топамиз, деб туришибди.

Жеймс Эллисон рафиқаси Падмани Шарма билан

Хюстон (АҚШ)даги Андерсон онкология маркази дунёдаги энг йирик онкология касалхоналаридан бири бўлиб, бир йилда 130 минг нафаргача беморни қабул қилади ва бир пайтнинг ўзида 4 минг нафар бемор иштирокида иммун терапия деб номланган юзлаб тадқиқотларни олиб боради. Ушбу шифохонада саратонни даволашнинг янги усулини яратган олимлардан бири, техасслик иммунолог Жим Эллисон ҳам ишлайди.

Даволашнинг мазкур усули туфайли минглаб одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинди ёки узайди. 2018 йилда эса бир неча йил давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг Жим Эллисон ва унинг лойиҳа бўйича япониялик ҳамкори Тасуко Хонзёга тиббиёт соҳаси бўйича Нобел мукофот берилди.

Айни пайтда технологияларнинг ривожлангани саратон хасталигини даволашда катта натижаларни тақдим этяпти. Ҳозирда ушбу касалликни турли босқичларида даволаш усуллари устида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Европадаги йирик тиббиёт университетларидан бири Каролин институти Стокҳолм шаҳри яқинида жойлашган. Унинг профессори Клас Черре Швециянинг етакчи онкологларидан бири ҳисобланади. Унинг раҳбарлигида иммун терапиясининг саратон тўқималарини йўқ қилувчи Т-тўқима усулидан фойдаланиш устида тадқиқот ишлари ўтказилмоқда. Иммун терапияси организмнинг иммун тизимини саратон билан курашишини кучайтиради.

Шу ўринда қайд этиш керак, иммун тизими тўқима, ҳужайра ва молекул каби органлардан ташкил топган. Унинг вазифаларидан бири бактерия, вирус ва саратон каби аномал тўқималарни бартараф этишдир. Иммун терапияда иммун тизимини саратон тўқималарини муваффақиятли тарзда йўқ қилишга сафарбар этувчи турли техникалар қўлланилади. Чекпойнт-ингибиторлар, моноклонал антителалар ва CAR-T-ҳужайра терапияси шулар жумласидандир.

Даволашнинг бу усулларининг барчаси Жеймс Эллисон ва Тасуко Хонзё кашфиётига асосланади. Бошқача айтганда, бу турдаги даволаш орқали иммун тизимининг саратон тўқималарига қарши табиий курашчанлиги кучайтирилади. Аксарият ҳолларда даволашнинг бу усули ижобий натижалар бермоқда. Айниқса, биратўла икки даволаш тури қўлланилганда самарадорлик юқори бўляпти.

71 ёшли Жеймс Эллисон рафиқаси Падмани Шарма билан Андерсон онкология марказида ишлайди. Уларнинг кабинети ҳам лабораторияси ҳам бир. Шарма ҳам профессор ва онколог, у ҳам иммун терапияси бўйича тадқиқот олиб бормоқда. Эллисон ва Шарма 2014 йилда турмуш қуришган.

Шуни ҳам қайд этиш лозим, олимлар саратонга қарши курашишда катта натижаларга эришаётган бир шароитда, бу хасталикка чалинганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Гўё, саратон инсониятнинг ажралмас бир қисмига айланиб бораётгандек, таассурот қолдиряпти. Хусусан, швед олимлари ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, мамлакатда ҳар йили 63 минг одам шу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Бу борада 50 йил илгариги ҳолат таққосланганда икки баробар кўпайганини кўриш мумкин. Тахминларга кўра, яна 25 йилдан сўнг бу рақам 100 мингга етади.
Ҳозирда Швецияда 340 минг киши саратонга чалингани қайд этилган. 25 йилдан сўнг онкологик хасталик билан оғриганлар сони 600 минг нафарга етиши тахмин қилинмоқда. Бу турдаги касалликлар мамлакатда асосан ёши катта одамларда, аниқроғи 70 ёшдан ошганларда кўпроқ кузатиляпти.

Нобель қўмитаси мажлисида

Онколог мутахассис Клас Черренинг айтишича, тадқиқотлар натижасида даволаш натижаларининг самараси ошиб боряпти. Шунинг баробарида бутун соғлиқни сақлаш тизимида кўплаб ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, антибиотикларнинг таъсири аниқ кўриняпти. Унинг айтишича, касалликни даволашда юқори натижага эришишда эрта ташхис қўйишнинг фойдаси катта.

Шуни айтиб ўтиш лозим, саратон профессор Жим Эллисоннинг яқинларини ҳаётдан олиб кетган. Жумладан онаси, икки акасининг ўлимига шу касаллик сабаб бўлган. Унинг ўзи ҳам простата саратонига йўлиқади ва ўзи кашф этган иммун терапиясининг шарофати билан соғайиб кетади. Профессор бу усулни аввалроқ ўйлаб топганимда, онам, акаларим омон қолармиди, деб афсус қилади баъзида.

Бугунги кунда миллионлаб америкаликлар онкологик хасталикларнинг сўнгги босқичида иммун терапия оляптилар. Бу усул даволашнинг бошқа турларига қўшимча тарзда тавсия этилади. Иммун терапиянинг нархи эса арзон эмас. Бир йиллик даволаш ҳаққи тахминан бир миллион швед кронасини ташкил қилади. Тиббий суғуртаси борларга эса даволаниш харажатлари унча кўпга тушмайди.

Ҳозирда Жим Эллисоннинг ҳайҳотдек лабораториясида 70 киши саратонни самарали даволаш усулларини топиш устида тадқиқот олиб боряпти. Профессорнинг айтишича, бу борада асосий эътибор ген инженериясига қаратилмоқда ва бу йўналишдаги тадқиқотлар саратонни буткул тор-мор этишда инқилобий натижа беради.