Швейцариянинг машҳур компанияси можаро марказида қолди

Фото: sputniknews.com

ШВЕЙЦАРИЯ ҳукумати “Crypto AG” компанияси АҚШ Марказий жосуслик бошқармаси ва Германия жосуслик хизмати билан ҳамкорлик қилгани ҳақидаги маълумотларни текшириб кўриш хусусида топшириқ берди.

ОАВда тарқалган хабарларда айтилишича, компания мутахассислари юқорида айтилган жосуслик хизматлари билан бирга қарийб 50 йил давомида 100 дан ортиқ мамлакатлардаги ёзишма ва сўзлашувларни кузатиб келган. Ушбу ҳолатни тергов қилиш собиқ федерал судя Никлаус Оберхолцерга топширилган.

RTS телекомпаниясининг хабарида айтилишича, МРБ ва немис жосуслик хизматлари 1971 йилда Лихтенштейндаги фондлардан бири орқали “Crypto AG” компаниясининг сезиларли улушини сотиб олган. Ушбу ширкат махфий маълумотларни очишга ихтисослашган технологиялар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланади. Хорижий жосуслик хизматлари билан ҳамкорлик бошлангач, компания ускуналари хорижий давлатлардаги телефон сўзлашувларини МРБ ва немис жосуслик хизматига эшитиш имконини беришга мослаштириб ишлаб чиқила бошланган.

Қайд этилишича, немис айғоқчилари 1993 йилга келиб, бу ишдан воз кечган, америкаликлар бўлса 2018 йилгача суҳбатларни махфий тарзда эшитишда давом этган.

Маълумотларга кўра, “Crypto AG” технологияларидан дунёнинг 130 давлати, жумладан, Миср, Эрон, Саудия Арабистони, Ливия ва Аргентина каби мамлакатлар фойдаланади.