Латвияда Россиянинг айрим телеканалларини эфирга узатиш тўхтатилди

Эгил Левитс. Фото: rubaltic.ru

ЛАТВИЯ президенти Эгил Левитс мамлакат парламенти (Сейм)нинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясига мурожаат қилиб, теледастурларни эфирга узатишда ЕИ ва Европа ҳудуди расмий тилларидан келиб чиққан ҳолда электрон ОАВ тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритишга чақирди.

Комиссия раиси Артусс Кайминшга йўлланган мурожаатда президент Латвиянинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлаб, мамлакат аҳолисининг теледастурларга бўлган эҳтиёжини кўпроқ Европа мамлакатлари ва Европа қадриятлари асосидаги кўрсатувлар ҳисобидан қондиришни сўраган. Бунда рус тилидаги кўрсатувларнинг умумий ҳажми 20 фоиздан ошмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Бунга одатдагидек, мамлакатдаги рус жамоатчилиги норозилик билдирган бўлса, маҳаллий аҳоли хайрохоҳлигини изҳор этган.

Қайд этиш керак, бир неча кун илгари Латвия маъмурий суди Электрон ОАВ бўйича миллий кенгашнинг мамлакатда Россиянинг 9 та телеканалини узатишни тўхтатиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган эди. Унга кўра, эндиликда Латвияда «Время: далекое и близкое», «Бобер», «Дом кино», «Дом кино премиум», «Музыка Первого», «О!», «Поехали», «Телекафе» ва «Петербург — Пятый канал» телеканалларини намойиш этиш таъқиқланади.