Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар: афзалликлар ва имтиёзлар

ДУНЁДАГИ кўплаб давлатлар бир неча ўн йиллардан буён сув тежовчи технологиялардан фойдаланиб келмоқда. Бу борада Исроил, Хитой, Корея каби мамлакатлар катта ютуқларни қўлга киритган. Юртимиз сув танқис, оби-ҳаёт заҳиралари ниҳоятда чекланган ҳудуд ҳисоблансада, неча марта ўткир сув етишмаслиги муаммосига дуч келсакда, сувни тежаб-тергаш, томчилатиб, пуркаб суғориш каби илғор технолгияларни жорий этишга шошилмадик. Фақатгина кейинги йилларда бу борада муҳим амалий қадамлар ташланди.

Хусусан, 2013-2018 йилларда юртимизда жами бўлиб 43 минг 26 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Бу рақам Исроилда 140,6 минг, Туркияда 340 минг, Саудия Арабистонида 731 минг, Хитойда 5 270 минг, АҚШда 1 640 минг, Ҳиндистонда 2 180 минг ва Испанияда 1 897 минг гектарни ташкил этади.

Томчилатиб суғориш технологиясининг афзалликлари: Бу усул суғориш усуллари орасида ўзининг юқори самарадорлиги билан, яъни, сув ресурслари етишмаслик шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олишга имкон берадиган суғориш усули эканлиги билан ажралиб туради.

Ушбу технология бошқа суғориш усулларидан фарқли жиҳати шундаки, мазкур суғориш усулида тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сув бошқарилади, сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текисда берилади.

Томчилатиб суғорилганда бошқа суғориш усулларига нисбатан экин турига қараб 20 фоиздан 80 фоизгача сув тежалиб, томчилатиб суғоришда дала эмас, экинлар суғорилади, ҳосилдорлик боғ ва токзорларда 40 фоизгага, сабзавотларда эса 80 фоизгача ортади, ҳосил 10-15 кун эрта пишади.

Тупроқ эрозияга учрамайди, яъни тупроқнинг унумдор қатлами сақланиб қолинади. Сув филтрдан тозаланиб келинганлиги боис далада бегона ўтлар уруғлари оқиб келмайди ва далани ўт босиш даражаси кескин камаяди.

Бундан ташқари, оби-ҳаётни тежаш имконини берувчи ёмғирлатиб, кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш усуллари мавжуд.

Ижобий жиҳатлари: ўтган йилда, мамлакатимиз пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш натижасида вегетация даврида 40,2 млн. метр куб сув иқтисод қилиниб, тежалган сув билан 5,3 минг гектардан ортиқ майдонда экилган такрорий экинларни кафолатли сув билан таъминлаш имконияти яратилди.

Фермер хўжаликларининг томчилатиб суғориш технологияси жорий қилган 1 гектар майдонида пахта ҳосилдорлиги анъанавий усулда суғоришга нисбатан 10-15 центнерга, рентабеллик даражаси
10-12 фоизга ошди.

Сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёзлар:

Кейинги йилларда сув тежамкор технологиялардан фойданишда янада рағбатлантиришнинг норматив асослар яратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун бир қанча қулай шарт-шароитлар яратилди.

Мисол учун:
1) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хом ашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига 8 млн сўм субсидия тақдим этилиши белгиланди.

2) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга
20 млн сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қоплаб берилади.

3) Пахта хом ашёсининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари, шунингдек томчилатиб суғориш тизими ишлаб чиқарувчилари томонидан олиб кириладиган, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашё
2021 йилнинг 1 январига қадар божхона божини тўлашдан озод этилиши белгиланди.

Маълумот учун: 2019 йилда ушбу мақсадлар учун учун давлат бюджетидан 84 млрд. 600 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилди.

Президентнинг 2019 йил 18 мартда қабул қилинган “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган қарорига лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун озуқабоп экинлар етиштирувчиларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқлари бурғулашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилган янги ташкил этиладиган боғлар ва иссиқхона хўжаликларида бир гектар экин майдонига 6 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия бериш белгиланган.

Шунингдек, майдони 35 гектардан зиёд боғларда сув чиқариш учун бурғуланган қудуқни ҳамда дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия берилади.

Солиқ кодексининг 367-моддасига биноан ер участкасининг томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган қисмида 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этиш имкониятлари жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳам қатор имкониятлар ва имтиёзлар тақдим қилинган.

Режалар: 2020 йилда 43 минг 825 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Жумладан, 20 минг 859 гектар пахта, 11 минг 498 гектар боғ, 4 минг 987 гектар ток ва
640 гектар бошқа экинларга жами 37 минг 984 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилади.

600 гектар ғалла, 580 гектар савзавот ва 661 гектар озуқабоп экинлар экиладиган майдонларда жами 1841 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияси ҳамда 4000 гектар майдонда пулсар суғориш тизимини жорий қилиш режалаштирилган.

Бугунги кунда томчилатиб суғориш технологияси ускуналари ва бутловчи қисмлари 10 дан ортиқ маҳаллий корхоналар томонидан тўлиқ ишлаб чиқарилмоқда. «EcoDripLux» МЧЖ, «Acar-Мak-San» МЧЖ, «Pipetechnologies» МЧЖ, «Agrodrip»ва«Debyut» МЧЖ, «EximPlast» МЧЖ, «Шўртангазкимё» МЧЖ ҳамда «Махсус полимер заводи» МЧЖ шулар жумласидандир.