Тошкент Халқаро авиация форумига мезбонлик қилади

ЖОРИЙ йилнинг 19-20 феврал кунлари пойтахтимизда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Uzbekistan Airports” АЖ ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Fair Exhibition Organizers” компанияси ҳамкорлигида “Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum” (UAALF-2020) халқаро авиация форуми ўтказилади.

“Al Zarouni” компаниялар гуруҳининг бир қисми бўлган “Fair Exhibition Organizers” (FEO) ширкатининг дунё бўйича 15 дан ортиқ ваколатхонаси бўлиб, ташкилот томонидан ҳозиргача 150 дан ортиқ халқаро кўргазма ташкил этилган.

Форумда Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Ҳиндистон, Бразилия, Туркия, Кувайт, Миср, Россия, Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатлардан транспорт вазирликлари раҳбарлари, фуқаро авиацияси ва аэропортлар бошқаруви вакиллари, етакчи хорижий авиакомпаниялар, аэропортлар, авиация ва транспорт соҳасидаги компаниялардан юқори лавозимли расмийлар иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбирда “Boing” ва “Jetcraft” (АҚШ), “Air Charter Service” (Буюк Британия), “Bombardier Business jets” (Канада), “Luftansa Consulting” (Германия), “EGIS” (Франция), “ATR” (Испания), “TLD” (Ҳиндистон), “Kuwait Airways” (Қувайт), “Air Arabia” ва “BGT Events” (БАА), “Gulf Air” (Баҳрайн), “Korean Air” ва “Asiana Airlines” (Жанубий Корея), “Al Masriya” (Миср), “Zagros Airlines” (Эрон), “Pegasus Airlines” ва “Turkish Airlines” (Туркия), “Mitsubishi Corporation” (Япония), “Air Astana” (Қозоғистон) каби 130 га яқин компанияларнинг вакиллари қатнашади.