Яширин иқтисодиётга қарши кураш кучайтирилади

Фото: intotheminds.com

АЙНИ пайтда жамоатчилик муҳокамасида турган 2020 йил Давлат дастури лойиҳасида молия, иқтисодиёт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган қатор чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.

Унга кўра:

хорижий мутахассислар иштирокида “яширин иқтисодиёт”нинг вужудга келиш омилларини таҳлил қилиш ва унга қарши курашиш дастурини тасдиқлаш;

“рақамли маркировка ва онлайн касса” лойиҳасини ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини назоратга олиш;

интернет-савдо (электрон тижорат) соҳасидаги субъектларни аниқлаш тартибини такомиллаштириш, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашни ҳисобга олган ҳолда солиққа тортиш механизмини ишлаб чиқиш;

“юк ташиш мониторинги” ягона ахборот платформасида тижорат транспорти соҳасини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва амалга ошириш мониторинги учун замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш;

“Э-омбор” товарларини ҳисобга олишнинг электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, импорт қилинадиган товарлар бўйича электрон шаклда ҳисоботларни тайёрлашни таъминлаш;

импорт қилинган озиқ-овқатлар, маъданли ва газланган сувлар, таркибида алкоголь бўлмаган бошқа ичимликларни мажбурий маркировка қилишни босқичма-босқич жорий этиш;

солиқ органларида маркировка қилиш мажбурий бўлган товарларни ҳисобга олишнинг электрон базасини яратиш;

гастрол-концерт фаолиятида электрон билет тизимини жорий этиш;

якка тартибдаги тадбиркорлар ноқонуний фаолиятини қисқартириш механизмларини ишлаб чиқиш;

ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолиятини тартибга солишни янада такомиллаштириш, уларни солиққа тортиш, иш стажини ҳисобга олиш ва фаолият юритиш тартибини соддалаштириш;

“яширин иқтисодиёт” субъектларини аниқлаш механизмини такомиллаштириш;

савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан ишлатилаётган турли дастурий маҳсулотларни Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказига интеграция қилиш;

банкоматлар орқали нақд пул маблағини банк пластик карталари ёки банк ҳисоб рақамларига ўтказиш имкониятини яратиш;

мазкур карта ва ҳисоб-рақамлар эгаларига амалга оширилган операция қийматининг маълум миқдорида бонуслар тақдим этиш тартибини жорий этиш назарда тутилади.