«Илҳом» барибир ҳайдаладиган бўлди

Борис Гафуров, Озодбек Назарбеков ва Олга Шаврина. Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати.

“OFELOS PLAZA” МЧЖ вакили Олга Шаврина “Илҳом” театри жойлашган бинони таъмирлаш ишлари бир ярим, икки йилга чўзилиши ва шу муддат ичида театр ҳозирда эгаллаб турган жойини тарк этиши лозимлигини маълум қилди.

Меҳмонхона вакили театр жамоасининг бу борадаги эътирозларига муносабат билдирмади. Театр раҳбари Борис Гафуров эса бинони апрелга қадар бўшатиш сўралган ҳужжат мавжудлигини кўрсатиб, муассисни иккиюзламачиликда айблади.

Маданият вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева «Илҳом» театрига янги бино қидирилаëтганини айтди.

Театр кўчирилиши можаросига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида журналист Алексей Волосевич: «Бино 2017 йилда ким томонидан ва қайси шаклда сотиб олинди? Ширкат таъсисчиси подполковник Неъматулло Ҳайдаров ким? Унинг Давлат солиқ қўмитасининг собиқ раҳбари генерал Парпиевга қандай алоқаси бор?”, деган саволлар ҳам жавобсиз қолди.

«Илҳом» театри ижарага олинган бинодан чиқариб юборилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, театрни ҳимоялаш кампанияси бошланиб кетди. Хусусан, Президентнинг қизи Саида Мирзиëева ҳам «Илҳом» театри масаласида муносабат билдириб, «Мен ўзим театр санъати мухлисиман. Ушбу масала атрофида айтилаётган ташвишли гап-сўзларни эшитиб, сизни ишонтириб айтаманки, биз театримизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз», деб Telegram каналида муносабат билдирган эди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 11 феврал куни театрга бориб, унинг раҳбарлари билан учрашувда «театрни жорий биносида сақлаб қолиш» ҳақида ваъда берган эди.

Қайд этиш керак, «Илҳом» театри 1976 йилда «Ёш театрларнинг экспериментал студияси» номи билан тузилган бўлиб, собиқ Иттифоқ ҳудудидаги давлатга тегишли бўлмаган илк мустақил театр ҳисобланади.