Дунё қисқа сатрларда

ФРАНЦИЯ. Давлат хизматчиларига эндиликда ишга велосипед ва каршерингда келиб-кетгани учун ойлик иш ҳақларига йиллик устама қўшилади. Бу ҳақда Экология вазири Элизабет Борн маълум қилди.
Унинг айтишича, иқлим ўзгаришига қарши кураш кетаётган шароитда амалдорлар бошқаларга намуна бўлишлари керак. Хусусан, президент Эммануэл Макрон гибрид двигателли зирҳланган машинадан фойдаланади, ҳукумат аъзолари учун эса электр ёки гибрид автомобиллар тақдим этилади.

ИТАЛИЯ Сенати мухолифатдаги “Лига” партиясининг етакчиси, собиқ Бош вазир ўринбосари ва ИИВ вазири Маттео Салвини судда сўроқ қилинишига рухсат берди. У “Gregoretti” кемасида одамларни ноқонуний ушлаб турганликда айбланмоқда.
Салвинининг айби исботланса, у 3 йилдан 10 йил муддатгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин

РОССИЯ. Псков вилоятидаги трассада “Mercedes” микроавтобуси ва
“Volvo” юк автомобилининг тўқнашиб кетиши оқибатида украиналик етти нафар меҳнат муҳожири ва автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлди.
Қайд этилишича, ҳалокатга Киевга йўл олган микроавтобуснинг қарама-қарши ҳаракат йўлига чиқиб кетиши сабаб бўлган.

СУРИЯ. Харбат-Хамо аҳоли пунктида АҚШ ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида келиб чиққан низо оқибатида америкалик аскар узган ўқдан 14 ёшли бола ҳалок бўлди, бошқа бир фуқаро яраланди.
Маълум бўлишича, Қамишли шаҳри яқинидаги блокпостда ҳукумат қўшинлари йўналишини ўзгартирган Америка ҳарбий карвонини тўхтатган. Шундан сўнг АҚШ аскарлари ва маҳаллий аҳоли ўртасида низо бошланган.
Пентагон ҳарбийларининг қилмишини оқлаб, улар ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида ўт очганини таъкидламоқда.

ЭСТОНИЯ. Кеча бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида мамлакатда Россия телеканалларининг эфирга узатилиши муҳокама этилди. Бу борада айрим партия етакчилари кескин муносабат билдириб, жанубий қўшнилардан ибрат олган ҳолда Кремлга хизмат қилаётган Россия телеканаллари намойишини тўхтатиб қўйишни таклиф этдилар. Хусусан, улар “Биринчи Балтика канали” фаолиятидан норози эканликларини маълум қилишди.

БОЛИВИЯ. Мамлакат ҳукумати “Росатом” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳани тўхтатишга қарор қилди. Ядро маркази қурилиши лойиҳаси прокуратура томонидан ўрганилиб, парламент якуний хулосани айтмагунга қадар лойиҳа тўхтатиб турилади. Ҳукумат нега бундай қарорга келингани ҳақида маълумот бергани йўқ.

ИСРОИЛ. Ташқи ишлар вазири Исраэл Кац вазирлик ходимларига БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан алоқаларни тўхтатиш ҳақида буйруқ берди. Бунга яҳудийлар давлатининг Иордан дарёсининг Ғарбида амалга ошираётган ишлари танқид остига олинган ташкилот ҳисоботи сабаб бўлди.
Бундан аввалроқ, Бош вазир Бинямин Нетаняху БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши Исроилни ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қилаётганини таъкидлаган эди.