2019 йилда “Airbus” 1.36 млрд евро жарима тўлади

Фото: ERIC CABANIS/AFP

ЕВРОПАнинг “Airbus” аэрокосмик концерни 2019 йилда йирик миқдордаги зарарларга дуч келди. Улар катта суммадаги жарималар билан боғлиқ бўлиб, жами тўланган жарималар миқдори 1,36 млрд еврони ташкил этган.

Бу ҳақда “Airbus” раҳбарияти компаниянинг бош қароргоҳи жойлашган Тулуза шаҳрида ўтказилган матбуот-анжуманида маълум қилди.

Бундан ташқари, Саудия Арабистонига қурол-аслаҳа экспортига таъқиқ қўйилгани авиагигантнинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган. Хусусан, “Airbus” подшоҳликка умумий қиймати 1,2 млрд еврога тенг бўлган A400M ҳарбий-транспорт учоқларини сота олмаган.

Ҳисобот йилида компаниянинг айланмалардан фойдаси 19 фоизга ўсиб 6,9 млрд еврони, товар айланмаси 11 фоизга кўпайиб 70,5 млрд еврони ташкил этган. Жорий йилда “Airbus” айланмалар фойдасини 7,5 млрд еврога етказишни режалаштирган.