Буюк шоҳ ва шоир

Бобур портрети (1605—1615 йиллар). Сурат Лондондаги Британия музейида сақланади.

БОБУР (тахаллуси, тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) (1483.14.2, Андижон 1530.26.12, Агра) — ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир; тарихчи, географ; давлат арбоби, истеъдодли саркарда; бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода.

Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинт қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойлари Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказарди. Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқх илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илмфанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.

Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур суфий — Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Кейинчалик, «Бобурнома» асарида Бобур Хожа Аҳрор руҳи бир неча бор уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизлиқдан халос этганини, энг оғир шароитларда раҳнамолик қилганлигини таъкидлайди. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июн).

1519 йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5—6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апр.да Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшининй 12 минглик аскари билан тормор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шим. Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободончилик ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.

Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоийхайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.

Бобурнинг ўз гувохлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган; «Ул фурсатларда бирориккирар байт айтур эдим», деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради.

Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.

Бобур 18—19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг «Топмадим» радифли ғазали ва «Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши» мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ.

Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дилдилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр согинчи ва висол илинжи, такдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.

Ҳазрат Бобурнинг Кобулдаги қабри.

Ҳозирда шоирнинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан оптик туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.

Ҳиндистон юришлари даври (1521)да Бобур «Мубаййин» асарини яратди. Маснавий тарзида ёзилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган бу асарда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонга оид ўша давр ижтимоийиқтисодий ҳаёти бўйича қизиқарли маълумотлар ҳам жамланган. Валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжалланган «Мубаййин»да, айни замонда, намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисида ҳам шаръий мезонлар баён қилинган. Шу йилларда Бобур Шарқ шеъриятининг асосий масалаларидан бири аруз вазни, унинг назарияси ва амалиётига оид илмий рисоласини якунлайди. Бобур номини дунёга машҳур қилган шоҳ асари «Бобурнома» устидаги ижодий ишини 1518—19 йларда бошлаган (қ. «Бобурнома»).

Бобурнинг юқорида келтирилган асарларидан ташқари, «Хатти Бобурий», шунингдек мусиқа санъати ва ҳарб ишларига махсус бағишланган қатор рисолалари ҳам бўлган. Аммо кейинги икки асар матни ҳануз топилган эмас. «Хагти Бобурий»да муаллиф араб алифбосини тахрир этиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш мақсадида уни туркий тил ва талаффуз мезонларига мослаштирган.

1526 йил 21 декабрда Бобурга қарши суиқасд уюштирилади. Маҳв этилган Иброҳим Лўдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт таъсирими, ҳар ҳолда кейинги йилларда Бобур тез-тез касалга чалиниб туради. 1527 йил октябрда Бобур яна хасталикка учрагач, умрининг охирлаб қолганини ҳис этади. Шунда Бобур ўзи эътиқод қўйган Хожа Аҳрор Валий руҳидан нажот тилаб, ихлос билан унинг насрда битилган «Волидия» асарини шеърий таржима қилади. Бобурнинг моҳир таржимон сифатидаги қобилияти намоён бўлган 243 байтли бу асар катта ижодий илҳом билан жуда қисқа муддатда якунланган. Бобурнинг ўз эътирофича, таржима тугаши ҳамоноқ батамом соғайиб кетган.

Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539), васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов,
Абдурашид Абдуғафуров