Саудия Арабистони компанияси юртимизда ИЭС қуришга киришди

Энергетика вазири Алишер Султонов «ACWA Power» компанияси ширкати раҳбари Муҳаммад А. Абунаян билан

«ACWA Power» (Саудия Арабистони) компанияси Сирдарё вилоятида иссиқлик электр станцияси қуриш инвестиция дастури доирасида Ўзбекистондаги амалий ишларнинг биринчи босқичини амалга оширишга киришди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, компания қурилишни бошлашга киришишдан аввал тупроқни ўрганиш ишларини бошлаб юборди. Янги иссиқлик электр станцияси Сирдарё ИЭС яқинида барпо этилади ва замонавий буғ-газ ускуналари билан (БГУ) жиҳозланиши туфайли унинг самарадорлиги амалдагидан 2 марта ортиқ бўлади.

Лойиҳага кўра, янги ИЭСда умумий қуввати 1500 МВт га тенг, Сирдарё ИЭС турбиналаридан икки баробар самарали бўлган H/J тоифасига мансуб иккита буғ-газ қурилмаси ўрнатилади. Бу шуни англатадики, янги қурилмалар табиий газнинг шартли миқдори ҳисобидан икки баробар кўп электр қуввати ишлаб чиқаради.

Сармоядор самарадорлиги 60 фоиздан юқори, йилига 10,0 миллиард кВт/с электр энергия ишлаб чиқариш имконига эга бўлган буғ-газ қурилмасининг энг янги моделларидан фойдаланади. Бундан ташқари, мазкур замонавий буғ-газ қурилмалари Ўзбекистонда 2000-йилларнинг бошларида ўрнатилган шундай ускуналарга нисбатан узоқ вақт таъмирлаш талаб этмасдан хизмат қилади.

Янги иссиқлик электр станциясининг қурилиши тўғридан-тўғри хусусий инвестициялар ҳисобидан тўлиқ амалга оширилади ва ишлаб чиқарилган электр энергияси узоқ муддатли шартнома асосида сотилади.

Қайд этиш керак, мазкур инвестиция лойиҳаси муҳокамаси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султоновнинг жорий йилнинг 7 февралида Саудия Арабистони Энргетика вазири ўринбосари Абид бин Абдулла ас-Саъдун бошчилигидаги ушбу мамлакат делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган эди. Делегация таркибидан «ACWA Power» компанияси Бошқаруви раиси Муҳаммад А. Абунаян ва компаниянинг бошқа мутасадди вакиллари жой олган эди.