Америка ҳарбийларини олиб кетади, толиблар эса тинч туради

Фото: businessinsider.com

АҚШ ва “Толибон” Афғонистонда Америка қўшинини олиб чиқишга сабаб бўлувчи тинчлик сулҳига келишди. Бу ҳақда AP ахборот агентлиги Оқ уйдаги манбасига таяниб хабар тарқатди.

Қайд этилишича, келишув натижалари яқин кунларда намоён бўлади. Айни пайтда “зўравонликни тўхтатиш” етти кунлиги эълон қилинган бўлиб, бу қоида ҳукумат кучларига ҳам тегишлидир. Шартномага амал қилинишини АҚШ кузатиб боради.

Хабарларга кўра, толиблар қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширишни ва ракета ҳужумларини тўхтатишга рози бўлган. Агар ушбу ваъдага амал қилинса, тинчлик шартномаси жараёни бошланади. Шартномадан эришиладиган мақсадлардан бири АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан чиқиб кетишига эришишдир.

“Толибон” вакилининг айтишича, шартнома 29 февралгача имзоланиши, америкалик ҳарбийларнинг мамлакатни тарк этиш эса 10 мартдан бошланиши режалаштирилган.