Битта диссертация икки киши томонидан тайёрланиши мумкин

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Қарорга биноан жорий йилнинг 1 мартидан Ўзбекистон Миллий университети базасида бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва илмий даражаларни талабгорларга мустақил бериш амалиёти тажриба тариқасида уч йил муддатга жорий этилади.

Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида тайёрланган диссертация – ўрнатилган тартибда мавзуси тасдиқланиб, назарий тадқиқотлар ва илмий натижаларни амалиётга жорий қилиш жараёни икки нафар изланувчи томонидан ҳамкорликда ташкил этилган, тадқиқотнинг мазмун-моҳияти белгиланган талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида назарий илмий янгиликлари тизимли равишда асосланган (фан доктори (DSc) учун) ва инновацион илмий янгиликлари амалиётга мақсадли жорий этилган (фалсафа доктори (PhD) учун) қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар ҳисобланади.

Бу тизим асосида диссертация тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш ва талабгорларни тегишли равишда фан доктори (DSc), фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқлаш олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил қилиш муайян фан тармоғи бўйича битта диссертация икки нафар, жумладан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга талабгор ва илмий даражага эга бўлмаган шахс томонидан тайёрланиши мумкин.