Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилади

Иллюстратив сурат.

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Президентининг 2020 йил 14 февралдаги “Қорақалпоғистон тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат билан Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон тиббиёт институти ташкил этилади.

Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб:

узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базаси фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;

фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш;

таълим муассасаси ва Институт клиникаси илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишларини таъминлаш;

хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш каби бир қатор вазифалар белгиланди.