АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга 600 жуфт шахсий ҳимоя воситаси ҳадя қилди

20 феврал куни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ходимлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Ўзбекистон амалга ошираётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадидад Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Вабо, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси марказига 600 жуфт шахсий ҳимоя воситаси етказиб берди.

Қайд этиш керак, январ ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус диагностикаси учун шахсий ҳимоя воситаси ва тест-комплект сўраб халқаро донорларга мурожаат қилганди. Бу илтимосга жавобан, АҚШнинг таҳдидларни камайтириш агентлиги (DTRA) 600 жуфт шахсий ҳимоя воситаси учун маблағ ажратди. Ушбу тўплам таркибига коржома, юз ниқоблари, пластик ниқоблар, N95 респираторлари ва қўлқоплар киради.

АҚШ элчихонаси матбуот хизматининг хабар беришича, Марказ директори, доктор Сайдалиев Ўзбекистон сўровига жавобан тезкор амалий жавоб қайтарган АҚШ ҳукуматига самимий миннатдорлик изҳор этди. Марказ директори ўринбосари доктор Мадаминовнинг таъкидлашича, бу шахсий ҳимоя воситалари миллий заҳира сифатида сақланади ва мамлакатда коронавирус аниқланган тақдирда ишлатилади.