Ишга киришда таниш-билишчиликка чек қўйилади

ИШГА жойлашишда таниш-билишчилик ҳолатлари кенг илдиз отгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, нуфузли, яхши иш ҳақи тўланадиган ташкилотларга ўртага танишларни солмасдан ёки пора аралаштирмасдан ишга кириш жуда қийин. Бу каби бемаза ҳолатларга барҳам бериш мақсадида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига тегишли ўзгартиш ва қўшимачалар киритилмоқда.

Хусусан, қонун лойихасига мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча иш берувчилар томонидан мажбурий тартибда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда, шунингдек, ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги ахборотни улар озод этилишидан камида икки ой олдин меҳнат органларига тақдим этилиши хамда бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни яширганлик, уларни ўз вақтида тақдим этмаслик, шунингдек, ҳар бир ходимнинг мўлжалланаётган ишдан озод этилиши тўғрисидаги ахборотни меҳнат органларига тақдим этмаслик учун иш берувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлиши тўғрисидаги ўзгартиш киритилади.

Шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш” ҳамда “Ягона миллий меҳнат тизими” электрон дастури ишга туширилиши белгиланган. Яъни, ишга жойлаштириш жараёнларида илғор информацион технологияларни жорий этиш, меҳнат бозорида ишга жойлаштириш борасида хизматлар кўрсатишда замонавий инфратузилма ва рақобат муҳитини шакллантириш орқали меҳнат бозорида ошкоралик ва шаффофликни таъминланишига эришилади, бу эса ишга жойлашишдаги коррупциоген ҳолатлар, хусусан “таниш-билишчилик” иллатига барҳам беришга ёрдам беради.