Сурия заминида нималар бўляпти?

Фото: AP

СУРИЯ Араб Республикасида уруш бошланганига бир неча йил бўлаяпти. Қирғинбаротлар мамлакат халқига жуда қимматга тушмоқда. Бир қанча йирик шаҳарлар, қишлоқлар вайронага айланди, миллионлаб одамлар қурбон бўлди ва бир неча миллион сурияликлар яшаб турган уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар.

Бир қарашда мамлакатда нима бўлаётгани, ким кимга қарши жанг олиб бораётганини, урушаётган томонларни ким қўллаб-қувватлаётгани ва ҳомийлик қилаётганини тушуниш қийин, ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетгандек туюлади. Хўш, аслида араб мамлакатида нима бўляпти?

1. Сурия армиясининг қудрати қандай?
2011 йилда уруш бошланишидан олдин ҳарбий-ҳаво ҳамда ҳарбий денгиз кучларини қўшиб ҳисоблаганда мамлакат армиясининг сони 300 минг атрофида эди. Бироқ тўрт йилдан буён давом этаётган қонли тўқнашувлар, қочоқлар ва душман томонга ўтиб кетишлар ҳисобига ҳарбий хизматчилар сони анча камайиб кетди. Ҳозирда қуролли кучлар сони 80 – 100 минг атрофида деб баҳоланмоқда.

Миллий мудофаа кучлари ҳам ҳукумат армиясига ёрдам беряпти. Башар Асадга содиқ кўнгиллилардан тузилган жангчиларнинг сони 80 мингдан ортиқ экани айтилмоқда. Уларнинг кўпчилиги армия сафида хизмат қилишдан кўра Миллий мудофаа кучларида хизмат қилишни афзал билади. Бу тузилмада аскарларга яхши ҳақ тўланиши, уйлари хизмат жойларига яқин жойлашгани бунга сабаб қилиб кўрсатилади.

2. Бошқа давлатлардаги шиалар ҳам Башар Асад томонида
Бунга мисол сифатида Ливандаги «Ҳизболлаҳ» қудратли ҳарбий тузилмасини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Ироқ, Афғонистон ва Покистондан келган шиалар ҳам душманга қарши ҳукумат қўшинлари билан елкама-елка жанг қилмоқда. Уларнинг барчаси Эрон ислом инқилоби муҳофизлари армиясининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондонлиги остида урушяпти. Бу кучлар, айниқса, Исроил билан 30 йилдан буён курашиб катта тажриба тўплаган «Ҳизболлаҳ» жангчилари Башар Асад ҳукуматини ҳимоя қилишда катта рол ўйнамоқда.

3. Башар Асад ҳукуматини қайси давлатлар қўллаб-қувватлмоқда?
Сурия президентини ҳимоя қилаётган давлатлар бошида ушбу мамлакатнинг узоқ йиллик иттифоқчилари – Россия ва Эрон турибди. Аввалига Москва Дамашққа дипломатик йўллар, ҳарбий аслаҳалар етказиш орқали ёрдам бериб келган бўлса. Мамлакатдаги вазият мураккаблашиб, Башар Асад танг ҳолда қолганидан сўнг у Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилди ва рус ҳарбийлари қадим Шом заминида террорчиларга қарши курашиб келмоқда.

Россиялик ҳарбий йўриқчилар, ҳарбий ҳаво ҳамда махсус кучлардан иборат бир неча минг нафарлик қўшин урушга қўшилгач, вазият амалдаги ҳукумат фойдасига ўзгарди. Айниқса, рус коинот-ҳаво кучлари томонидан берилган зарбалар туфайли жангариларнинг қудрати кескин тушиб кетди. Шунинг баробарида, ялпи ракета зарбалари, авиабомбалар оқибатида минглаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар, аёллар ва кекса ёшли кишилар қурбон бўлди. Руслар қўлга киритган энг муҳим ютуқ – Москва минтақада сезиларли тарзда таъсир кучини қўлга киритгани бўлди.

Эрон эса Сурияга 2013 йил бошидан бери фаол ёрдам кўрсатиб келяпти. Мамлакатга шиаларнинг ҳарбий тузилмаларини жойлаштириш билан бирга, кўнгиллиларга жанг олиб бориш усулларини ўргатяпти, қурол-аслаҳа билан таъминламоқда. Ҳукуматга издан чиққан иқтисодиётни тиклаш учун миллиардлаб доллар қарз беряпти. Эрон учун Сурия Исроил ёвузлигига қарши курашишда муҳим стратегик аҳамиятга эгадир.

4. Сурияда Башар Асаднинг рақиблари кимлар?
Мамлакатда кўплаб исёнчи гуруҳлар бўлиб, уларнинг айримлари иттифоқ тузиб олган бўлса, айримлари якка тарзда уруш олиб бормоқда. Уларга мисол сифатида «Жейш ал-Фатҳ», «Жаиш ал-Ислом», «Аҳрар аш-Шом», «Фронт ан-Нусра» ва бошқа бир қанча майда гуруҳларни келтириш мумкин.

5. Бу гуруҳларни хорижда қўлловчилар борми?
Ҳа, бор. Маълумотларга кўра Қатар, Саудия Арабистони ва Туркия каби минтақа давлатлари бу гуруҳлардан айримларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Яъни, бу гуруҳларни маблағ, қурол-аслаҳа билан таъминлаяпти. Охирги пайтда, Туркия Сурия ҳукуматига қарши урушаётган Миллий озодлик ҳаракати жангчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳарбий-техника ва қўшинини Идлиб вилоятига олиб кирди. Таҳлилчилар бу жараёнда Россия-Туркия тўқнашуви исталган пайтда юз бериши мумкинлигини тахмин қиляптилар.

6. ИШИД қаёқда қолди?
Мазкур террорчилик ташкилоти Суриядаги фуқаролар урушида Башар Асад рақиблари учун мадад кучи бўлди. Унинг асосий мақсади Сурия ва Ироқ ҳудудлари оралиғида – Ислом халифалигини тузиш ва ҳимоя этишдир. Асадни тахтдан ағдариш унинг учун иккинчи даражали вазифа. ИШИД жангарилари билан ҳукумат қўшинларига қарши курашаётган кучлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар бўлиб тургани ҳам рост гап.

7. Сурия низосига бошқа давлатлар ҳам аралашяптими?
ИШИДга қарши курашаётган бир қанча, жумладан, асосан Ғарб ва Форс кўрфази давлатлари мавжуд. АҚШдан ташқари, Суриядаги террорчиларга авиазарбалар беришда Франция, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Баҳрейн, Буюк Британия иштирок этмоқда.